Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларни зўрлаганлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси таклиф этилмоқда
Ўзбекистон депутатлари болаларга нисбатан ўта оғир жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар. Президент бундай ўзгартиришларни тайёрлашни ҳали февраль ойидаёқ 1 апрелгача бўлган муддат билан топширган эди. Ҳужжат биринчи ўқишга фақат 29 сентябрга келибгина етиб борди.

Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларни зўрлаганлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш таклиф этилмоқда
Ўзбекистонда болаларга нисбатан содир этилган ўта оғир жинсий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш, жумладан, 14 ёшга тўлмаган болани зўрлаганлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш режалаштирилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси 29 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳужжат ташаббускори «Адолат» партияси фракцияси бўлди. У болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Ўзгартиришларни Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида вояга етмаганларга нисбатан жинсий хусусиятдаги ўта оғир жиноятлар учун жазони сезиларли даражада кучайтириш кўзда тутилган.
Хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаганлик ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондирганлик учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, болаларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноят содир этган шахслар даъво муддати ўтганлиги сабабли жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин эмас. Уларга нисбатан жазони ижро этиш муддати ўтганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш ҳам татбиқ этилмайди.
Ушбу ўзгартиришларни тайёрлаш Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги фармонида (ПФ-22) кўзда тутилган эди. Ҳужжатда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш ва, хусусан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазони белгилаш топширилган эди.
Ушбу топшириқни бажариш муддати 2026 йил 1 апрелгача этиб белгиланган эди.
Қонунчилик палатаси тегишли ўзгартиришлар киритилган қонун лойиҳасини 29 сентябрь куни — белгиланган муддатдан деярли олти ой ўтиб биринчи ўқишда қабул қилди.
Фармонда, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан жинсий ва зўравонлик жиноятларини тергов қилишни прокуратура органларига ўтказиш ҳамда болалар ва хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишларни махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилган эди.
Ўзгартиришларнинг алоҳида блоки тергов ва суд жараёнида болани ҳимоя қилишга тааллуқлидир. Зўравонликдан жабр кўрган вояга етмаганларни сўроқ қилишни мажбурий тартибда видеотасвирга олиш таклиф этилмоқда.
Жинсий эркинликка қарши жиноят қурбони бўлган бола ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштиришни махсус тартибда ўтказиш таклиф қилинмоқда.
Агар зўравонлик болага яқин бўлган шахс томонидан содир этилган бўлса, судгача бўлган иш юритишда ва суд муҳокамасида васийлик ва ҳомийлик органи вакили иштирок этиши шарт бўлади.
Зўравонликдан жабр кўрган ёки унинг гувоҳи бўлган болаларга оиланинг моддий аҳволидан қатъи назар, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳам таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида нафақат зўравонлик содир этган шахслар, балки болани ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлар учун ҳам жавобгарлик кўзда тутилган.
Хусусан, болага ғамхўрлик қилишни лозим даражада амалга оширмаганлик, болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаганлик ёки уларнинг бажарилишига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган шахсга қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказишни ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан 16 ёшга тўлмаган болага нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этишни оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хулқ-атворга жалб қилганлик учун жазони кучайтириш режалаштирилган.
Алоҳида нормалар ота-оналар ва таълим муассасалари ходимларининг жавобгарлигига тааллуқлидир.
Болаларни тарбиялаш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик, жинсий шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жазони кучайтириш таклиф этилмоқда.
Агар педагог таълим ёки тарбия жараёнида болага нисбатан зўравонлик содир этса, буни иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос сифатида мустаҳкамлаб қўйиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик жорий этилмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳужжат муаллифлари ушбу ўзгартиришлар болаларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни кучайтириш, зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланган вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари тикланишини таъминлашга хизмат қилади, деб умид қилмоқдалар.
Қонунчиликни кучайтириш бўйича муҳокамалар Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасининг 5 ёшли тарбияланувчисига нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик бўйича шов-шувли иш фонида юз бермоқда. 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, боғча ходими К. М. қамоққа олинган.
У шунингдек, бундай жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш бўйича таклифлар тайёрланаётганини маълум қилди.
2025 йил бошида Nemolchi.uz лойиҳаси болаларга нисбатан жинсий хусусиятдаги жиноятлар маъмурий жинсий шилқимлик сифатида таснифланган ҳолатларни кўрсатиб ўтган эди, бу эса айбдорларга жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш имконини берган.
Жаҳон амалиётида болаларни ҳимоя қилиш барча муассасалар ва уларнинг ходимлари учун мажбурий бўлган қатъий стандартлар, баённомалар ва регламентларга асосланади.

