Маҳаллий

Ўзбекистонда 14 нафар энг яхши шифокор электромобиль олади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказмоқда.

Ўзбекистонда 14 нафар энг яхши шифокор электромобиль олади

Давлат раҳбари меъда, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш дастури аввал Самарқандда йўлга қўйилишини, 2028 йилдан эса мамлакатнинг барча ҳудудларига тарқатилишини маълум қилди. Бу мақсадлар учун ҳар йили 700 млрд сўм ажратилади.

Шунингдек, шакарли диабет, туберкулез, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ва болалардаги онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш дастурларини амалга ошириш давом эттирилади.

Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкентда инфаркт ва инсультларни эрта ташхислаш ва даволаш дастури туфайли беш ой ичида ушбу касалликлардан барвақт ўлим кўрсаткичини 15 фоизга камайтиришга эришилди.

Касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлганидан кейинги «олтин соат» ичида 855 нафар инсон барвақт ўлимдан ва ногиронликка олиб келувчи оқибатлардан сақлаб қолинди.

Келгуси йилда дастурни амалга ошириш учун 280 млрд сўм ажратилади. У мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олади.

Шунингдек, аҳоли учун кафолатланган тиббий ёрдам пакети кенгайтирилади. Келгуси йилда бепул дори воситалари турлари сони 73 тагача, тиббий текширувлар эса 36 тагача кўпаяди.

Давлат раҳбари, шунингдек, таълим, қурилиш, санитария ва гигиена, пациентлар хавфсизлиги ҳамда тиббиёт ходимлари маданияти масалаларини қамраб олувчи «Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари» жорий этилишини эълон қилди.

«Ҳар бир инсон поликлиникага келганида, энг аввало, озодалик, тартиб ва хизмат кўрсатиш маданиятини кўриши керак», — деди президент.

Шу муносабат билан бирламчи бўғин тиббиёт ходимлари босқичма-босқич ва бепул махсус махсус кийим-бош билан таъминланади.

Бу йил илк бор туман бўғини соғлиқни сақлаш тизимининг энг яхши шифокори ва энг яхши ҳамшираси унвонлари учун вилоят танловлари ўтказилмоқда. Ғолибларнинг ҳар бири 30 млн сўм миқдорида пул мукофоти олади.

Келгуси йилда рағбатлантириш чоралари кенгайтирилади.

Танловнинг вилоят босқичида ғолиб чиққан ўн тўрт нафар шифокор электромобиль олади.

Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган ўнта энг яхши лойиҳа муаллифларига ҳар бири учун 200 млн сўм миқдорида грантлар ажратилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.