Ўзбекистон ва Туркия ўзаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини оширишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва Туркия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосини кўпайтириш ниятида
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатимизда бўлиб турган, Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмакли бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар аграр соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, мавжуд имкониятлар ва истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилдилар. Шерикликни мустаҳкамлашга, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, томонлар ҳамкорликнинг асосий йўналишларини, жумладан, чорвачилик ва ем-хашак базасини ривожлантириш, уруғчилик соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда экинларнинг қурғоқчиликка чидамли навларини яратишни кўриб чиқдилар. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро экспорти ва импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар сонини кўпайтириш, балиқчиликни ривожлантириш ва илм-фан соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди.
Дастур доирасида Иброҳим Юмакли бошчилигидаги Туркия делегацияси Иброҳим Абдураҳмонов ҳамроҳлигида Тошкент давлат аграр университетига ташриф буюриб, у ерда талабалар учун яратилган шароитлар, замонавий инфратузилма ва ёш мутахассисларни тайёрлаш жараёни билан танишди.

