Ўзбекистон ва Туркия медиация ҳамда низоларни муқобил ҳал этиш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Туркия медиация ҳамда низоларни муқобил ҳал этиш соҳасида тажриба алмашишни кучайтириш ниятида
Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов Туркия адлия вазири Акин Гюрлек билан икки томонлама учрашув ўтказди. Музокаралар Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Адлия вазирлари кенгашининг учинчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар суд-ҳуқуқ соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар. 2026–2027 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини амалга ошириш, медиация ва низоларни муқобил ҳал этиш усулларини ривожлантириш, адвокатура институти ва давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар медиация соҳасини рақамлаштириш, профессионал медиаторларни тайёрлаш ҳамда судгача ва суд босқичларида яраштириш тартиб-таомилларини қўллаш бўйича тажриба алмашиш масалаларини кўриб чиқдилар.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Туркия Адлия академияси ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, жумладан, ўзаро ўқув ташрифлари, стажировкалар ва қўшма семинарлар ташкил этишни муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйича келишувга эришилди.

