Ўзбекистон ва ТДТ давлатлари илк космик битимни имзоладилар

Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркия космик соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар. Тегишли ҳужжатни тўрт мамлакат вакиллари Анталияда 77-Халқаро астронавтика конгресси доирасида имзоладилар.
6 октябр куни имзоланган келишув Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мамлакатлар ўртасида космик тармоқда имзоланган илк ҳамкорлик ҳужжати бўлди.
Томонлар космик технологиялар, сунъий йўлдошлар, илмий тадқиқотлар ва саноат ҳамкорлиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантиришни режалаштирмоқда. Ушбу тармоқ учун мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Туркий давлатлар ташкилотида янги ҳужжат мамлакатлар ўртасида янада яқин ҳамкорлик ва қўшма космик ташаббусларни кенгайтириш учун асос яратишини таъкидладилар. Хусусан, гап OTS-SAT лойиҳаси тажрибасини ривожлантириш ҳақида бормоқда.
Анталиядаги конгресс ишида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда. Мамлакат вакиллари халқаро космик ҳамжамият иштирокчилари билан учрашувлар ўтказиб, халқаро алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилмоқдалар.
Халқаро астронавтика конгресси Анталияда 5–9 октябр кунлари бўлиб ўтмоқда ва унда 100 дан ортиқ мамлакатдан космик агентликлар, илмий ташкилотлар, давлат тузилмалари ва хусусий компаниялар вакиллари тўпланган.
Шу билан бирга, навбатдаги, 79-Халқаро астронавтика конгресси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Самарқанд унга 2028 йил 9–13 октябр кунлари мезбонлик қилади.

