Ўзбекистон ва Қозоғистон ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Қозоғистон ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигида агентлик директори Мансурбек Оллоёровнинг Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерали Тўғжанов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар ижтимоий ҳимоя соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва амалий шерикликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар давомида Қозоғистон томонига Ўзбекистонда оилага йўналтирилган ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш, инсонни оила ва жамиятдан ажратмаган ҳолда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу жараёнда маҳалланинг муҳим роли ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, экспертлар учрашувлари ва ўзаро ташрифларни ташкил этишни муҳокама қилдилар. Музокаралар якунида икки давлатнинг ижтимоий соҳадаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва тизимлаштириш бўйича келишувга эришилди.

