Ўзбекистон ва Грузия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
17-август куни Самарқандда икки мамлакат сайёҳлик компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Грузия бизнес-форуми бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ва Грузия туризм соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёргарлик кўрмоқда.
17-август куни Самарқандда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган Биринчи Ўзбекистон-Грузия бизнес форуми бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, форумда ўндан ортиқ етакчи Грузия туризм компаниялари иштирок этиб, Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари билан музокаралар олиб борадилар.
Форумдан олдин 15-август куни Тошкентда, Туризм қўмитаси биносида икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари ўртасида икки томонлама Б2Б учрашувлар бўлиб ўтади.
Ушбу учрашувлар давомида иштирокчилар тажриба алмашадилар ва янги туристик йўналишларни яратиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва Ўзбекистон ва Грузия компаниялари ўртасидаги бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қиладилар.
Бизнес форум икки мамлакат ўртасидаги туризм ҳамкорлигини янада ривожлантиришга туртки бериши ва туризм соҳасида янги лойиҳалар учун имкониятлар яратиши кутилмоқда.

