Ўзбекистон ва Франция тоғ туризмини ривожлантиришни муҳокама қилдилар
Туризм қўмитаси ва Франция ТИВнинг махсус вакили POMA компанияси билан туризм учун кадрлар ва «Uzbek-Courchevel» лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Франция тоғ туризмининг истиқболларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Суҳробжон Бобокалонов Франция Европа ва ташқи ишлар вазирининг барқарор шаҳарлар ва транспорт масалалари бўйича махсус вакили Жерар Вольф билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, тоғ туризмини ривожлантиришни кўриб чиқдилар. Учрашувда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Уалид Фук ҳам иштирок этди.
Иштирокчилар маданий мерос объектларининг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, туристик инфратузилмани ривожлантириш ва соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон томони туризмдаги ислоҳотлар, хорижий туристлар оқимини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан фойдаланиш ҳақида маълумот берди.
Вольф икки томонлама ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. У иқтисодиётда туризм улушини ошириш, маданий мерос объектларининг жозибадорлигини ошириш ҳамда туризм ва меҳмондўстлик соҳаси учун кадрлар тайёрлашда Франция тажрибасини ўрганишни таклиф этди.
Вилмотте & Associés Architectes архитектура компанияси бош директори Б. Андрие туризм ва меҳмондўстлик соҳасида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистоннинг туристик инфратузилмасини такомиллаштиришга қизиқиш билдирди. Компания билан шаҳарсозлик соҳасида музокаралар аллақачон олиб борилмоқда.
Шунингдек, учрашувда тоғ туризмини ривожлантириш мавзусига ҳам тўхталиб ўтилди. Томонларга «Чимён туристик зонаси» лойиҳаси доирасида Франциянинг MND компанияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим этилди. Бундан ташқари, кейинги босқичда POMA компанияси билан биргаликда «Uzbek-Courchevel» лойиҳасини амалга ошириш режалари ҳақида сўз борди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар туристик хизматларни диверсификация қилиш, маданий мерос объектлари салоҳиятини ошириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда туристик инфратузилма ва архитектура соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар.

