Ўзбекистон ва АҚШ Фармакопеяси фармацевтикани ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва АҚШ Фармакопеяси мутахассислар тайёрлаш, тажриба алмашиш ҳамда USP экспертларининг замонавий лабораториялар ташкил этишдаги иштирокини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва АҚШ Фармакопеяси фармацевтикани ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон Тиббий-фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги АҚШ Фармакопеяси (United States Pharmacopeia, USP) вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди, унда томонлар фармацевтика тармоғининг илмий ва профессионал салоҳиятини ривожлантиришни муҳокама қилдилар.
Учрашувнинг асосий масалаларидан бири кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва профессионал тажриба алмашинувини кенгайтириш бўлди. Иштирокчилар ўзбекистонлик олим ва мутахассисларни USPнинг етакчи лабораториялари ва бошқа объектларига юбориш имкониятини кўриб чиқдилар. Ушбу формат мутахассисларга амалий тажриба орттириш ва малака ошириш имконини бериши кўзда тутилмоқда.
АҚШ Фармакопеяси экспертларининг Ўзбекистонда ташкил этилаётган лаборатория ва илмий-тадқиқот инфратузилмаси ишида иштирок этиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар, шунингдек, USP мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалий машғулотлар ва тажриба алмашиш дастурларини ўтказишни муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари Ўзбекистонда ташкил этилаётган замонавий лабораториялар ва илмий-тадқиқот марказларини лойиҳалаш ҳамда жиҳозлашда USPнинг илғор халқаро ёндашувларини қўллаш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Муҳокамалар профессионал компетенцияларни янада ривожлантириш, халқаро мутахассислар билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва фармацевтика тармоғининг замонавий илмий-тадқиқот инфратузилмасини шакллантиришда USP тажрибасидан фойдаланишга қаратилди.

