Дунё

Ўзбекистон ТИВ Латвия ИИВ баёнотига муносабат билдирди

ТИВ Латвия ИИВнинг Ўзбекистон фуқароларига визалар беришни чеклаш тўғрисидаги таклифига изоҳ берди. У ерда Ригадаги элчихона сўнгги кунларда Латвия расмийлари билан бир қатор музокаралар ўтказгани маълум қилинди. ТИВ ватандошларни ўзлари ташриф буюраётган мамлакатлар қонунларига риоя қилишга ва анъаналарини ҳурмат қилишга чақирди.

Ўзбекистон ТИВ Латвия ИИВ баёнотига муносабат билдирди

Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев «Газета»га берган шарҳида Латвия ИИВнинг Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинчалик чеклаш таклифи ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.

Латвия ички ишлар вазири Янис Домбрава ушбу масалани 29 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишига олиб чиқишни таклиф қилган эди. Унинг таъкидлашича, бир нечта Ўзбекистон фуқароси Латвияга келганидан кўп ўтмай жиноятлар, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар содир этган, шу боис «биз ҳаракат қилишга мажбурмиз».

Унинг сўзларига кўра, муайян муддатга Ўзбекистон фуқароларига виза беришни тўхтатиб туриш ва бу вақтдан жамоат тартиби ҳамда хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шахсларнинг Латвияга киришини истисно қилиш мақсадида Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиш учун фойдаланиш керак эди.

Бироқ, ҳукумат йиғилишида бу масала кўриб чиқилмади, чунки «Миллий бирлашиш» партиясининг коалициядаги шериклари уни кун тартибига киритишга тайёр эмас эди. ИИВ бу масала кейинги йиғилишда муҳокама қилинишини кутган эди.

Бундан аввал Латвия ИИВ виза олиш учун аризаларни фақат Ўзбекистон фуқароларининг айрим тоифаларидан қабул қилишни таклиф қилган эди. Гап Латвия фуқароларининг ёки ушбу мамлакатда яшаш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон фуқароларининг, ИА, Европа иқтисодий ҳудуди мамлакатлари ёки Швейцария фуқароларининг оила аъзолари, келиши инсонпарварлик ҳолатлари билан боғлиқ бўлган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, юк ва йўловчи ташиш компанияларида ишлайдиганлар ва бошқалар ҳақида бораётган эди.

Омонулла Файзиев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги виза беришни чеклаш режалари ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши биланоқ дипломатик қадамларни амалга оширишни бошлаганини маълум қилди.

«Мамлакатимизнинг Ригадаги элчихонаси Латвия бош вазири офиси раҳбарияти, ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, президент администрацияси вакиллари билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Бундан ташқари, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан музокаралар олиб борди», — деди ТИВ матбуот котиби.

«Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири бўйича Ўзбекистоннинг позицияси етказилди. Кўрилган [дипломатик] чоралар натижасида Латвия томони амалдаги тартибга ўзгартиришлар киритишга эҳтиёж йўқлигини маълум қилди», — дея таъкидлади у.

«Ўзбекистон Латвия билан шаклланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни юқори қадрлайди. Латвия мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги муҳим шерикларидан бири бўлиб, алоқаларимиз сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, миграция ва бошқа соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда», — деди Омонулла Файзиев.

Шу билан бирга, у Ўзбекистон ТИВ хорижда бўлиб турган ёки чет элга кетишга ҳозирланаётган ватандошларни «тегишли мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилишга, унинг миллий урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилишга ҳамда ўз хулқ-атворига масъулият билан ёндашишга» чақиришини таъкидлади.

«Айрим шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар нафақат уларнинг ўзларига, балки хорижда қонуний асосларда таҳсил олаётган, меҳнат қилаётган, саёҳат қилаётган ёки яшаётган бошқа фуқароларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди ТИВ вакили.

1 октябрь куни Латвия ИИВ раҳбари Царникавада оққушни қийноққа солган икки Ўзбекистон фуқаросининг вақтинчалик яшаш гувоҳномалари бекор қилинганини маълум қилди. Уларга мамлакатдан чиқиб кетиш учун етти кун муҳлат берилди. Агар улар буни ихтиёрий равишда амалга оширмасалар, мажбурий депортация қилинадилар.

Сентябрь ойида Рига суди икки эркакни Царникавада вояга етмаганлар ҳузурида оққушни қийноққа солишда айбдор деб топди ва уларга деярли тўрт йил муддатга пробация назорати тайинлади. Бундан ташқари, улар тўрт йил муддатга ҳар қандай турдаги ҳайвонларни боқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Айбланувчилар прокурор билан ана шундай жазо бўйича келишиб олган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.