Ўзбекистон тадбиркор Мўминжон Йўлдошевни халқаро қидирувга берди
Фарғона вилоятилик тадбиркор Мўминжон Йўлдошев Ўзбекистоннинг сўровига кўра халқаро қидирувга берилди. Бунга ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш айблови асос қилиб кўрсатилган.

Ўзбекистон тадбиркор Мўминжон Йўлдошевни халқаро қидирувга берди
Фарғона вилоятидан бўлган тадбиркор Мўминжон Йўлдошев Ўзбекистон сўровига кўра халқаро қидирувга берилди. Унинг «қизил билдиришнома» (Red Notice) билан бўлган карточкаси Интерпол сайтига жойлаштирилди.
«Интерпол қизил билдиришномаси» (Red Notice) — бу шахсни қидириш ва ҳибсга олиш тўғрисидаги халқаро сўровдир. Давлат бошқа мамлакатларга шахсни топиш ва кейинчалик уни экстрадиция қилиш (топшириш) масаласини ҳал этиш учун вақтинча ҳибсга олиш илтимоси билан мурожаат қилади.
Ташкилот маълумотларига кўра, Мўминжон Йўлдошев 1976 йил 18 февралда Фарғона вилоятида туғилган. Бўйи — 175 см, вазни — 95 кг. У ўзбек ва рус тилларини билади.
Қидирув учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш / базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 360 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) асос қилиб кўрсатилган.
Апрель ойида Гомель вилояти ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко Фарғона вилоятилик тадбиркор деб тақдим этилган Мўминжон Йўлдошев билан музокаралар ўтказган эди.
Июль ойида Беларуснинг «Беллегпром» концерни раиси Надежда Лазаревич Фарғона вилояти делегацияси билан учрашди. Унинг таркибида Мўминжон Йўлдошев INKAS компаниясининг ҳаммуассиси сифатида таништирилган.
2023 йилда у Madad Invest Bank хусусий банкида улушга эга эди, бироқ ҳозирда у акциядорлар қаторида кўрсатилмаган.
2019 йилда Жаҳон банки Сирдарё вилоятидаги сув таъминоти лойиҳаси бўйича ўтказилган текширувдан сўнг Мўминжон Йўлдошев ва унга алоқадор компанияларга нисбатан санкциялар жорий этган эди. Банк материалларида Йўлдошев тендернинг рақобатчи иштирокчиси вакилига босим ўтказгани ва давлат хизматчилари билан тил бириктиргани даъво қилинган.
У, Quvasoy Tamir Qurilish («Қувасой Таъмир Қурилиш», кейинчалик — «Строй Монтаж Инвест») компанияси ва унга алоқадор тузилмалар бир неча йилга Жаҳон банки лойиҳаларида иштирок этишдан четлаштирилган эди. Ушбу қарор бир қатор халқаро молия институтлари томонидан ўзаро санкциялар қўлланишига ҳам асос бўлган.

