Сиёсат

Ўзбекистон Сенати одам савдосига қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Жорий йилнинг 13-август куни Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Сенати одам савдосига қарши курашиш масаласини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Олий Мажлис Сенатида 13-август куни Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева раислик қилди.

Унда Миллий комиссия, унинг кичик комиссиялари ва ҳудудий комиссияларнинг жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширган ишлари, эришилган натижалар ҳамда мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

Ҳисобот даврида муносиб меҳнатни таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосининг олдини олиш ва халқаро меҳнат стандартларини миллий амалиётга жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Хусусан, соҳага оид миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича ислоҳотлар давом эттирилди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 87 ва 98-сонли конвенсиялари талабларига мувофиқ фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Шунингдек, Меҳнат кодексини такомиллаштириш, камситиш ва шаҳвоний шилқимликнинг олдини олиш, норасмий бандликни қисқартириш, меҳнат муҳофазаси ҳамда дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш, уларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва жамиятга интеграция қилиш тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, мажбурий ва болалар меҳнатининг олдини олиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш бўйича тизимли чоралар кўрилди.

Қишлоқ хўжалигида фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ер муносабатларини такомиллаштириш ва пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермерлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни тартибга солиш бўйича тизимли чоралар кўрилди. Амалга оширилган ишлар натижасида фермер хўжаликлари фойдасига қарздорликлар ундириб берилиши таъминланди.

Ишлаб чиқариш тармоқларида халқаро меҳнат ва техник стандартларни жорий этиш ишлари ҳам фаоллаштирилди. Бугунги кунда 286 та корхонада ИСО, Оеко-Тех, Седех, Беттер Ворк, БССИ, ГОЦ, БСИ каби халқаро стандартлар жорий этилган.

Халқаро ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг 8-11-июн кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат ташкилотининг 114-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Унда мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларини таъминлаш, мажбурий меҳнатни бартараф этиш ва меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар тақдим этилди.

Шунингдек, соҳадаги айрим камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилиниб, масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилояти ҳудудий комиссиялари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Йиғилиш якунида меҳнат соҳасида халқаро стандартларни кенг жорий этиш, муносиб меҳнат тамойилларини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар режаси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Аллиансе 8.7” ташаббуси доирасида Ўзбекистоннинг 2026–2029-йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” лойиҳалари кўриб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, соҳадаги ишларни янада тизимли ташкил этиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.