Ўзбекистон Россияга келган меҳнат мигрантлари сони бўйича мамлакатлар орасида етакчилик қилмоқда

Ўзбекистон Россияга келган меҳнат мигрантлари сони бўйича мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллади
2026 йилнинг дастлабки олти ойида Россияга ташрифдан мақсад сифатида ишни кўрсатган 1,17 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари кириб келди. Ушбу кўрсаткич бўйича республика РФга ишлагани келаётган фуқаролари энг кўп бўлган мамлакатлар орасида етакчига айланди.
Иккинчи ўринни Тожикистон эгаллади — 494,5 мингта кириш. Кейинги ўринларда Қирғизистон (289 мингдан ортиқ), Қозоғистон (122,6 минг) ва Хитой (89,6 минг) бормоқда.
Шунингдек, кучли ўнликка Арманистон — 88,6 минг киши, Озарбайжон — 62,4 минг, Ҳиндистон — 27,4 минг, Туркманистон — 13,4 минг ва Туркия — 8,4 минг киши билан кирди.
Шу билан бирга, Москва патент бўйича ишлаётган хорижликлар сони бўйича Россия ҳудудлари орасида етакчиликни сақлаб қолмоқда: 2026 йилнинг январ-сентябр ойларида пойтахтда шундай ходимлардан 437,6 минг нафари рўйхатга олинган.
Иккинчи ўринда 268 минг меҳнат мигранти қайд этилган Москва вилояти жойлашган. Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида бу кўрсаткич 162,4 минг кишини ташкил этди.
Патент бўйича ишловчилар сони энг кўп бўлган бешта ҳудуд қаторига Свердловск вилояти (38,6 минг) ва Татаристон (36,3 минг) ҳам кирди.
Олдинроқ Санкт-Петербург шаҳрида хориж фуқароларининг сартарошхона ва гўзаллик салонларида ишлашига қўйилган тақиқни қайта кўриб чиқиш ва ушбу соҳаларни чекловлардан чиқариш таклиф қилинган эди. Қайд этиш жоизки, шаҳардаги барбершоплар усталарининг қарийб 70 фоизи Ўзбекистон фуқароларидир.

