Ўзбекистон релокантлар учун қулайлик бўйича Марказий Осиёда иккинчи бўлди

Ўзбекистон релокантлар учун қулайлик бўйича Марказий Осиёда иккинчи ўринни эгаллади
Мамлакатларнинг кўчиб ўтиш ва яшаш учун яроқлилиги бўйича халқаро Rumavi Global Relocation Index 2026 рейтингида Ўзбекистон 192 давлат орасида 110-ўринни эгаллади. Мамлакат имкони бўлган 100 баллдан 59,9 балл тўплаб, релокация учун ўртача ва нотекис яроқли бўлган давлатлар тоифалари чегарасидан жой олди.
Rumavi консалтинг компаниясининг тадқиқоти тўртта асосий блокка бирлаштирилган 24 та кўрсаткичга асосланган: молия ва солиқлар, ҳаёт сифати ва соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва барқарорлик, шунингдек, жойлашиш учун шароитлар. Умумий жадвалда Ўзбекистоннинг ёнида 60 балл натижа билан 109-ўринни эгаллаган Непал ва 59,9 балл билан 111-поғонадан жой олган Косово турибди.
Ўзбекистон энг яхши натижани «Молия ва солиқлар» блокида кўрсатиб, 73 балл тўплади. Бунга 100 баллдан 96 баллга баҳоланган яшаш таннархининг пастлиги ва 84,4 балл даражасидаги уй-жойнинг ҳамёнбоплиги таъсир кўрсатди. Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимлар, имтиёзлар ва IT Park-нинг махсус режими билан бирга амал қилувчи 12 фоиз миқдоридаги ясси даромад солиғи ставкаси ҳам 70 баллик ижобий баҳо олди.
«Хавфсизлик ва барқарорлик» тоифасида республика 62,8 балл тўплади. Экспертлар кўча хавфсизлиги даражаси ва можароларга тортилиш хавфининг пастлигини алоҳида қайд этдилар, улар тегишлича 74 ва 74,4 балл олди. Шу билан бирга, халқаро институционал индекслар бўйича ҳисобланган қонун устуворлиги ва сиёсий барқарорлик кўрсаткичлари 50 ва 52 баллни ташкил этди.
«Ҳаёт сифати ва соғлиқни сақлаш» блоки 57,4 баллга баҳоланди. Тиббий хизматларнинг нарх жиҳатидан қулайлиги 71 балл, рақамли инфратузилма эса 69 балл олди. Мамлакат профилининг энг заиф томонларидан бири иқлим қулайлиги бўлди (31,6 балл), бу ҳарорат 38 даражадан юқори бўладиган иссиқ ва қурғоқчил ёз билан боғлиқ.
Ўзбекистон учун энг заиф блок «Жойлашиш ва имкониятлар» бўлди, бу ерда мамлакат 44,3 балл олди. Виза режими ва доимий яшаш жойини олиш шароитларининг 62 ва 52 баллик ўртача баҳоларига қарамай, таълим кўрсаткичлари 29,5 баллни, стартап-экотизими — 33 баллни, ишбилармонлик имкониятлари эса 37 баллни ташкил этди.
Релокантлар профиллари бўйича қаралганда, Ўзбекистон энг яхши натижани «рақамли кўчманчилар» тоифасида кўрсатиб, дунёда 85-ўринни эгаллади. Солиқ жозибадорлиги бўйича мамлакат 94-ўринда, пенсионерлар учун шароитлар бўйича — 101-ўринда, тадбиркорлар учун эса 106-ўринда қайд этилди. Таълим ва иқлимнинг паст баҳоланиши сабабли республика болали оилалар учун энг кам жозибадор бўлиб чиқди ва 113-ўриндан жой олди.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон рейтинг етакчисига айланди ва 62,9 балл натижа билан дунёда 77-ўринни эгаллади. Ўзбекистон минтақада иккинчи бўлди ва 59,3 балл билан 118-ўринни эгаллаган Қирғизистонни ортда қолдирди. Тожикистон 55,1 балл билан 137-поғонадан жой олди, Туркманистон эса 52,3 балл натижа билан минтақавий рўйхатни 155-ўринда якунлади.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон яшаш таннархининг пастлиги, уй-жойнинг ҳамёнбоплиги ва солиқ режимида устунлик кўрсатмоқда, бироқ институционал муҳит, таълим ва бизнес учун инфратузилма сифати бўйича ортда қолмоқда. Шу билан бирга, индекснинг 24 та кўрсаткичидан 15 таси институционал маълумотлар ва компаниянинг экспертлик методологияси асосида ҳисобланган.

