Ўзбекистон Қобул аэропорти яқинида турар жой мажмуаси қуриши мумкин

Ўзбекистон Қобул аэропорти яқинида турар жой комплекси барпо этиши мумкин
Ўзбекистон Афғонистонга қурилиш ва инфратузилма соҳаларида бир қатор лойиҳаларни илгари сурди. Улар орасида — Қобул халқаро аэропорти яқинидаги 60 гектар майдонда турар жой ва жамоат комплекси, шунингдек, Афғонистон пойтахтида бизнес маркази ва турар жой бинолари бор.
Ташаббусларни "Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ" бош директори Бобур Элмуродов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Шаҳарни ривожлантириш ва уй-жой қурилиши вазирининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари Насиҳ Раббоний ва бошқа мутахассислар билан учрашувда тақдим этди.
Қобулдаги объектлардан ташқари, Ўзбекистон томони Ҳайратон саноат зонасида лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди. Мозори Шарифда эса Ўзбекистонга сифатли гўшт маҳсулотлари етказиб бериш учун гўштни қайта ишлаш кластерини ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Афғонистон вакиллари мамлакатда Ўзбекистон компаниялари фаолияти учун шароит яратишга тайёр эканликларини билдирдилар. Учрашув якунлари бўйича, шунингдек, Қобулда "Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ" ваколатхонасини очиш ва афғонистонлик мутахассисларни қурилиш касбларига ўқитишни ташкил этиш таклиф қилинди.
Октябрь ойида Ўзбекистон делегацияси Афғонистоннинг тегишли вазирлиги билан музокараларни давом эттириш ва Қобулдаги қурилиш майдончаларини, жумладан, "Янги Қобул" лойиҳаси билан боғлиқ жойларни бориб кўришни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги делегацияси минтақа тарихи ва маданияти билан боғлиқ тарихий ёдгорликлар аҳволини баҳолаш учун Афғонистонга ташриф буюрган эди. Томонлар уларни сақлаш ва қайта тиклашга ўзбекистонлик мутахассисларни жалб этишни муҳокама қилдилар.

