Маҳаллий

Ўзбекистон муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда зооноз патогенларнинг юқишини олдини олиш чораларини кучайтирмоқда

Муҳофаза этиладиган ва сақлаб қолинадиган табиий ҳудудларда зооноз патогенлар юқиши хавфини камайтириш табиатни муҳофаза қилиш, ветеринария ва соғлиқни сақлаш соҳалари томонидан мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қилади. Тегишли салоҳиятни мустаҳкамлаш мақсадида 21–22 сентябрь кунлари Тошкентда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мутахассисларини, шунингдек, ёввойи табиат, чорвачилик, соғлиқни сақлаш соҳаси экспертларини бирлаштирган «Ягона саломатлик» ёндашуви ва биохавфсизлик бўйича амалий тренинг бўлиб ўтди […]

Ўзбекистон муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда зооноз патогенларнинг юқишини олдини олиш чораларини кучайтирмоқда

Муҳофаза этиладиган ва сақлаб қолинадиган табиий ҳудудларда зооноз патогенлар юқиши хавфини камайтириш табиатни муҳофаза қилиш, ветеринария секторлари ва соғлиқни сақлаш соҳасининг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини талаб қилади. Тегишли салоҳиятни мустаҳкамлаш мақсадида 21–22 сентябрь кунлари Тошкентда «Ягона саломатлик» ёндашуви ва биохавфсизлик бўйича амалий тренинг бўлиб ўтди. Унда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мутахассислари, шунингдек, бутун Ўзбекистондан келган ёввойи табиат, чорвачилик, экотизимлар ва инсон саломатлиги бўйича экспертлар бирлашди.

Зооноз касалликларнинг юқиши патоген ёввойи ёки уй ҳайвонидан инсонга ўтганда содир бўлади. Бундай юқиш эҳтимолини камайтириш «Ягона саломатлик» ёндашувига мувофиқ ёввойи ҳайвонлар, уй чорваси, одамлар ва атроф-муҳит ўзаро таъсир қиладиган жойлардаги хавфларни тушунишни ва бошқаришни талаб қилади.

«Табиатни муҳофаза қилиш „Ягона саломатлик“ ёндашувининг муҳим қисмидир. Экотизимлар ва ёввойи ҳайвонлар популяцияси саломатлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёввойи ҳайвонлар, уй чорваси ва одамлар қаерда ва қандай ўзаро таъсир қилишини яхшироқ тушуниш орқали биз зооноз касалликлар юқиши хавфининг олдини олиш ва камайтиришга кўмаклаша оламиз», – деб таъкидлади Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (ХТМИ) Табиатни муҳофаза қилиш ҳаракатлари дастурининг катта дастур менежери Дао Нгуен. «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шунингдек, уларни бошқарадиган ва ўрганадиган одамлар биохилма-хилликни сақлаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кенгроқ хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда асосий рол ўйнайди».

«Ягона саломатлик» соҳасидаги миллий устуворликларни белгилаш жараёни доирасида Ўзбекистон саккизта устувор зооноз касалликни аниқлади: Қрим-Конго геморрагик иситмаси, куйдирги, қутуриш, бруцеллёз, зооноз туберкулёз, ўлат, грипп ва эхинококкоз. Тренинг давомида мамлакат учун долзарб бўлган ушбу ва бошқа мисоллардан инсон, ҳайвонлар ва атроф-муҳит ўзаро таъсири чорраҳасидаги потенциал касаллик хавфларини, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ходимларининг бундай хавфларни аниқлаш ва улар ҳақида хабардор қилишдаги ролини кўриб чиқиш учун фойдаланилди.

«Ёввойи табиат билан бевосита ишлайдиган одамлар – масалан, рейнджерлар, инспекторлар ва тадқиқотчилар – кўпинча ҳайвонларнинг ғайриоддий хулқ-атворини, касаллик белгиларини ёки уларнинг ўлими ҳолатларини биринчи бўлиб пайқашади. Уларнинг хавфларни таниш, кузатувларни ҳужжатлаштириш ва тегишли органларга маълумотларни тезкорлик билан узатиш қобилиятини мустаҳкамлаш эрта огоҳлантириш ва мувофиқлаштирилган чора кўришга муҳим ҳисса қўшиши мумкин», – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти катта илмий ходими Елена Быкова. «Баъзан биз, амалиётчи мутахассислар ва тадқиқотчилар, зооноз патогенлар юқиши хавфини етарлича баҳоламаймиз ва кундалик ишимизда муҳим биохавфсизлик чораларини эътибордан четда қолдиришимиз мумкин. Бу каби тренинглар жуда муҳим, чунки улар биз дуч келадиган хавфларни яхшироқ тушунишга, хабардорликни оширишга ва тегишли биохавфсизлик чораларига риоя қилиш кундалик ишимизнинг ажралмас қисмига айланишини таъминлашга ёрдам беради», деб таъкидлади Быкова.

Тренингда 20 га яқин киши, жумладан, «Сойғали» мажмуа ландшафт буюртмахонаси, «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи, Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ва «Зарафшон» миллий табиат боғидан рейнджерлар, инспекторлар ва тадқиқотчилар иштирок этди. Уларга Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Вирусология институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва Чорвачилик ва яйловларни ривожлантириш агентлиги вакиллари ва экспертлари қўшилди.

Техник сессиялар, амалий машғулотлар ва реал сценарийлар доирасида иштирокчилар биохавфсизлик, ҳайвонлар билан хавфсиз муомала қилиш, назорат ва эрта огоҳлантириш, касаллик авж олишини текшириш ва ёввойи ҳайвонлар касалликлари хавфини таҳлил қилиш, шунингдек, барқарор туризм ва маҳаллий жамоалар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар. Амалий машғулотлар шахсий ҳимоя воситаларини танлаш ва улардан хавфсиз фойдаланишни, шунингдек, ёввойи ҳайвонларнинг ўлими ҳолатлари билан боғлиқ хавфларни баҳолашни ўз ичига олди. Иштирокчилар, шунингдек, ХТМИнинг «Ягона саломатлик» ёндашуви бўйича тегишли йўриқнома материаллари ва уларни муҳофаза этиладиган ва сақлаб қолинадиган табиий ҳудудларда амалий қўллаш билан танишдилар. «Ўзбекистонда „Ягона саломатлик“ ва биохавфсизлик бўйича тренинг ўтказилганидан жуда хурсандман, чунки у ҳам маҳаллий жамоалар, ҳам табиатни муҳофаза қилиш учун катта аҳамиятга эга бўлган масалаларни қамраб олади. Боғимиз узун шаклга эга, атрофи ўралмаган ва аҳоли пунктлари билан чегарадош, у ердан уй чорваси боғ ҳудудига кириб, ёввойи ҳайвонлар билан ўзаро таъсирга киришиши мумкин. Биз, шунингдек, касаллик юқиши хавфини туғдириши мумкин бўлган дайди итлар муаммосига ҳам дуч келмоқдамиз. Умид қиламанки, ушбу тренинг ушбу хавфларни бошқаришдаги салоҳиятимизни мустаҳкамлайди ва экотизимлар, ёввойи табиат ва маҳаллий жамоалар ҳолатини яхшилашга ёрдам беради», — деди Зарафшон миллий боғи илмий ходими Александра Заславская.

«Зооноз патогенлар юқиши хавфини камайтириш ҳар бир киши ўз ролини ҳамда қачон бошқа мутахассисларни жалб қилиш кераклигини тушунганда энг самарали бўлади», – деб таъкидлади тренингни олиб борган ёввойи табиат ветеринари ва биохавфсизлик бўйича мутахассис, «Ягона саломатлик» илми доктори Марк Валитутто. «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ходими биринчи бўлиб ғайриоддий нарсани пайқаши мумкин, ветеринария мутахассиси ҳайвонлар соғлиғи учун эҳтимолий оқибатларни ўрганиши мумкин, соғлиқни сақлаш мутахассислари эса одамлар учун потенциал хавфларни баҳолаши мумкин. Бизнинг мақсадимиз – маълумотларни чора кўришга энг яхши тайёрланган томонларга тез ва хавфсиз етказилишини таъминлашдир».

Тренинг якунида иштирокчилар ўзларининг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари учун «Ягона саломатлик» ёндашуви доирасида ҳаракат режаларини ишлаб чиқдилар. Дала машғулотлари натижалари ва икки кун давомида олинган билимларга таяниб, улар кузатув тизимини мустаҳкамлаш, касаллик тарқалишининг потенциал хавфларини бошқариш ҳамда табиатни муҳофаза қилиш, илмий тадқиқотлар ва биохавфсизлик соҳасидаги мутахассислар ўртасидаги мувофиқлаштиришни яхшилаш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.