Ўзбекистон молиявий жарималарни қўллаш тартибини соддалаштиради
Мажлисда молиявий жарималарни қўллаш тартибини белгилаш, улар устидан шикоят қилиш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қайтаришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон молиявий жарималарни қўллаш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда молиявий жарималарни қўллаш, улар устидан шикоят қилиш ва ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш тартибини белгиловчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат молиявий жарималарни қўллашнинг ягона, аниқ ва шаффоф тизимини яратиш, шунингдек, молиявий санксияларни ихтиёрий ва енгиллаштирилган тартибда ижро этиш механизмларини жорий этишни мақсад қилган.
Қонун лойиҳаси тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни назарда тутади. Бу молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш имкониятини беради, шунингдек, қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтаришни таъминлайди.
Лойиҳада суд назоратининг самарадорлигини ошириш ва молиявий жавобгарликни қўллаш тартибини янада соддалаштириш ҳам белгиланган. Бу тадбиркорларни асоссиз ёки ортиқча молиявий жазолардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Ҳужжат молиявий жаримадан озод этиш ёки уни олти ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратади. Бундан ташқари, суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган жарима суммасини қисқа муддатларда қайтариш, кечиктирилган тақдирда эса фоиз тўлаш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.
Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этишни, қўлланилган молиявий мажбуриятларнинг ўз вақтида тўланишини рағбатлантиришни ҳамда давлат органлари ва тадбиркорлик субьектлари ўртасидаги муносабатларни соддалаштиришни таъминлаши таъкидланди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

