Ўзбекистон миниатюра санъати Риёдда намойиш этилди
Ўзбекистон миниатюра санъати Риёдда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маданий кеча ва кўргазмада намойиш этилди.

Ўзбекистон миниатюра санъати Риёдда намойиш этилди
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Риёд шаҳрида маданий кеча ҳамда «Миниатюра санъати: Бухородан Арабистон ярим оролигача. Муқаддас қадамжоларга элтувчи йўллардаги ҳикоялар» кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси томонидан ташкил этилиб, унда дипломатик корпус, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, рассомлар ҳамда бошқа меҳмонлар жам бўлди.
Дастурнинг асосий воқеаси ўзбек усталарининг миллий миниатюра рангтасвири тарихи, бадиий хусусиятлари ва анъаналарини акс эттирувчи 35 та асаридан иборат кўргазма бўлди.
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштиришда ҳамда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришда маданий алмашинувнинг аҳамиятини таъкидлади.
«AlMashtal» ижодий маркази раҳбари, малика Нура бинт Сауд бин Наиф Ал Сауд Ўзбекистонни мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади. У, шунингдек, миниатюра санъатини ислом бадиий меросининг бир қисми сифатида асраб-авайлаш муҳимлигини қайд этди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева Ўзбекистонда миниатюра рангтасвирининг тарихи ва ривожланиши ҳақида маълумот берди. У мамлакатда ушбу санъат турини асраш, ўрганиш ва янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапириб, унинг тарихий хотира ва маданий анъаналарни сақлашдаги ролини алоҳида таъкидлади.
Кўргазмада намойиш этилган асарлар ташриф буюрувчиларга ўзбек миниатюра рангтасвирининг бадиий услублари, мавзулари ва энг майда деталларга бўлган ўзига хос эътиборини чуқурроқ англаш имконини берди.
Тадбир доирасида таълим ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Саудия университетлари вакиллари Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан шериклик алоқаларини ўрнатишга қизиқиш билдирдилар.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторига академик алмашинувлар, қўшма тадқиқотлар ва профессионал алоқалар киради.
Кўргазма ташриф буюрувчилар учун икки кун давомида очиқ бўлади.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик мутахассислар 35 нафар саудиялик ҳаваскор рассом ва ёш усталар учун амалий маҳорат дарслари ўтказадилар.

