Ўзбекистон компаниялари учун Беларусь биржаси савдоларида иштирок этиш соддалаштирилди

Ўзбекистон компаниялари учун Беларусь биржасидаги савдоларда иштирок этиш соддалаштирилди
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида (ЎзРТХБ) аккредитациядан ўтган Ўзбекистон компаниялари Беларусь универсал товар биржаси (БУТБ) савдоларида закалат пули киритмасдан иштирок этишлари мумкин бўлади. Авваллари янги мижозлардан биржа битимлари бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун ушбу суммани киритиш талаб этиларди.
Бундай қарор Беларусь ва Ўзбекистон ўртасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси доирасида қабул қилинди.
Эндиликда ЎзРТХБда аккредитациядан ўтган компаниялар Беларусь савдоларига қўшимча закалат пулисиз чиқишлари мумкин. Закалат иштирокчилар томонидан битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун киритиладиган сумма ҳисобланади.
ЎзРТХБ сайтида Беларусь майдончасида мавжуд бўлган товарлар, савдолар жадвали, кундалик котировкалар ҳамда сотиб олиш ва сотиш бўйича буюртмалар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган алоҳида бўлим ҳам пайдо бўлди. Ўзбекистон биржаси ҳақидаги маълумотларга эга худди шундай бўлим БУТБ сайтида ҳам яратилди.
Икки биржа ҳамкорлиги 2026 йил февраль ойида имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги битим билан тартибга солинади. Ҳужжат икки мамлакат корхоналарининг биржа бозорларига ўзаро киришини ва маълумот алмашишни назарда тутади.
Беларусь томони маълумотларига кўра, Ўзбекистон ушбу майдончадаги биржа товар айланмаси ҳажми бўйича мамлакатлар орасида учинчи ўринни эгаллаб турибди. Январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон компаниялари иштирокидаги битимлар суммаси 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичнинг 129 фоизини ташкил этди.
Ҳозирда Беларусь биржасида 307 та Ўзбекистон компанияси аккредитациядан ўтган — бу йил бошидагига нисбатан 55 тага кўп демакдир. Улардан иккитаси биржа брокери мақомига эга.
Аввалроқ Ўзбекистондаги хорижий инвесторларга мамлакатда брокерлик ҳисобварағи очмасдан маҳаллий компанияларнинг акция ва облигацияларини сотиб олишга рухсат бериш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.

