Ўзбекистон Дакардаги ўсмирлар Олимпиадасида сузиш бўйича тарихий медални қўлга киритди

Ўзбекистон Дакардаги ўсмирлар Олимпиадасида сузиш бўйича тарихий медални қўлга киритди
Сузувчи Муҳаммадисмоил Раҳмонов Сенегалдаги IV ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистонга биринчи медални келтирди. У 200 метрга брасс усулида сузиш масофасида бронза медали совриндори бўлди. Ушбу мукофот мамлакат тарихида ўсмирлар Олимпиадасида сузиш бўйича биринчи медаль бўлди.
Финал сузишида Раҳмонов 2 дақиқа 15,79 сония натижани кўрсатди. Олтин медални масофани 2 дақиқа 12,33 сонияда сузиб ўтган япониялик Иори Миядзаки қўлга киритди. Кумуш медаль 2 дақиқа 13,50 сония вақт билан маррага етиб келган Литва вакили Домас Вилимасга насиб этди.
Ўзбекистонлик спортчининг тарихий ютуғини Бутунжаҳон сув спорт турлари федерацияси World Aquatics алоҳида эътироф этди. Раҳмоновнинг чиқишига қадар ўзбекистонлик сузувчилар биррор марта ҳам ўсмирлар Олимпия ўйинлари шоҳсупасига кўтарилмаган эди.
Дакардаги мусобақалар 31 октябрдан 13 ноябргача бўлиб ўтмоқда. унда Ўзбекистон шарафини 11 та спорт тури бўйича 19 нафар спортчи ҳимоя қилмоқда. Раҳмонов шунингдек 50 ва 100 метрга брасс усулида сузиш масофаларига ҳам рўйхатдан ўтган.
Июль ойида Раҳмонов ушбу масофада ёш тоифалари бўйича Осиё чемпиони бўлган эди. Бангкокдаги мусобақаларда у 2 дақиқа 16,17 сония натижа билан олтин медални қўлга киритган.

