Ўзбекистон Афғонистонга юк ташиш тарифларини оширади
Янги тартиб 7 ноябрдан кучга киради. Қўшимча йиғимлардан тўртта тоифадаги товарлар озод этилади.

Ўзбекистон Афғонистонга юк ташиш тарифларини оширади
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 2026 йил 7 ноябрдан бошлаб Афғонистонга темир йўл орқали юк ташиш учун қўшимча йиғимлар жорий этилишини маълум қилди.
Ушбу қарор икки мамлакатнинг савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари фонида қабул қилинди. Компания маълумотларига кўра, қўшимча темир йўл йиғимлари тариф категориясига қараб бир вагон учун 800 минг сўмдан 1,3 млн сўмгача ($67 дан $109 гача)ни ташкил этади.
Афғонистонлик тадбиркор Омид Ҳайдарий тарифларнинг ошиши мамлакат ички бозоридаги нархларга таъсир қилиши мумкин деб ҳисоблайди.
«Вагонларда юк ташиш қийматининг ошиши Афғонистон бозорларидаги товарлар нархининг кўтарилишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистон Афғонистон халқи ва ҳукумати билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда. Биз транспорт ва транзит йиғимларини ҳам камайтиришни таклиф қиламиз», — деди Омид Ҳайдарий.
Қўшимча йиғимлар Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга ташилаётган аксарият товарлар учун амал қилади. Шу билан бирга, буғдой, ёғ, нефть маҳсулотлари ва газ янги тўловлардан озод этилади.
Шу билан бирга, Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари билан онлайн учрашув ўтказди. Томонлар қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилдилар.
Хусусан, Афғонистон гўшти ва картошкасини Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятлари, пахтачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, шунингдек, уруғчилик марказини ташкил этиш ҳақида сўз борди.
«Учрашув Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо алоқаларини кенгайтириш, қўшма инвестицияларни ривожлантириш ва техник тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди», — деди вазирлик матбуот котиби Шер Муҳаммад Ҳотами.

