Ўзбекистон 5 млн долларлик фонди бўлган стартаплар танловини ишга туширади
Ҳар йиллик Land of Startups танлови 2027 йилнинг апрель ойида бошланади. Ғолиб бўлган 25 та жамоанинг ҳар бири 200 минг долларгача инвестиция олиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон 2027 йилнинг апрель ойидан бошлаб умумий соврин жамғармаси 5 млн доллар бўлган Land of Startups халқаро стартаплар танловини ўтказишни бошлайди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли 593-сонли қарори 2026 йил 28 октябрда қабул қилинган.
Танлов ҳар йили ўтказилади ва у мамлакатга хорижий стартап-лойиҳалар ҳамда уларнинг асосчиларини жалб қилиш, технологиялар трансферини жадаллаштириш ва Ўзбекистонни минтақавий стартап-ҳаб сифатида ривожлантиришга қаратилган.
Ҳужжат Президентнинг 2026 йил 11 феврлдаги «Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-59-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Мусобақа бешта йўналишни қамраб олади: сунъий интеллект технологиялари; ижтимоий соҳадаги, жумладан таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматларидаги рақамли ечимлар; молиявий технологиялар; креатив индустриялар ҳамда компьютер ва мобил ўйинларни ишлаб чиқиш; бизнес ва саноат учун ечимлар.
25 та ғолиб жамоанинг ҳар бири IT Park дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармасидан 200 минг долларгача инвестиция олиши мумкин бўлади. Маблағлар комплекс текширув (due diligence) тартибидан ўтилгандан сўнг ажратилади.
Қарор, шунингдек, IT Park фаолияти қоидаларига ўзгартиришлар киритади.
Хусусан, IT Park резидентлари томонидан ишлаб чиқилган автоматилаштириш соҳасидаги ҳисобга олиш ва ўлчаш воситаларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан мажбурий интеграция қилиш талаби бекор қилинади.
Бундан ташқари, IT Park дирекцияси солиқ ва статистика ҳисоботларини, шунингдек ахборот технологиялари соҳасида ўтказилган ўқув курслари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.
IT Park резидентлари учун рухсат берилган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилмоқда. унга буюмлар интернети (IoT) ва сунъий интеллект қурилмалари, микро- ва наноэлектроника, интеллектуал роботлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, шунингдек бизнес-ангеллар клублари фаолияти киритилмоқда.

