Нью-Йорк шаҳрида ICE агенти бир кишини отиб қўйди
Нью-Йорк мэри Миллий хавфсизлик вазирлиги «жиноятчи ноқонуний муҳожир»ни ҳибсга олиш чоғида содир бўлганини маълум қилган отишмадан ғазабда эканини билдирди.

Нью-Йоркда ICE агенти бир кишини отиб қўйди
Пайшанба куни Нью-Йорк шаҳрининг Бронкс мавзесида АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) агенти бир кишини отиб қўйди.
Ушбу идора фаолиятини назорат қилувчи Миллий хавфсизлик департаменти (DHS) маълум қилишича, ICE ходими «жиноятчи ноқонуний муҳожирни ҳибсга олиш бўйича мақсадли тезкор тадбир» давомида «қуролидан ўқ узган».
Департамент баёнотида айтилишича, ушбу шахс тирик ва маҳаллий шифохонада даволанмоқда.
Нью-Йорк мэри Зоҳран Мамдани буни «виждонга зид ва ниҳоятда жиддий вазият» деб атади.
«Дастлабки маълумотларга кўра, агентлар ўқ узишдан олдин уни ва машинасидаги беш ёшли болани қуршаб олишган. Болага жисмоний шикаст етмаган деб ҳисоблаймиз», деди у.
Пайшанба куни кечқурун Нью-Йорк губернатори Кэти Хокул президент Дональд Трамп билан отишма ҳақида гаплашганини ва «Нью-Йорк аҳли номидан ғазаб» билдирганини айтди.
«Мен, шунингдек, фактларни аниқлашимиз ва ҳақиқатга етишимиз учун отишма тасвирланган ҳар қандай боди-камера тасвирлари жамоатчиликка тақдим этилишини сўрадим».
Трамп ҳозирча отишма бўйича оммавий баёнот бергани йўқ.
DHS маълумотларига кўра, шахси расмийлар томонидан ошкор этилмаган ушбу киши Доминикан Республикасидан бўлиб, «илгари йирик ҳажмдаги ўғрилик учун жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек, тан жароҳати етказиш, талончилик, гиёҳванд моддалар ва қурол сақлаш бўйича бир неча бор ҳибсга олинган».
DHS баёнотига кўра, у 2023 йил декабрь ойида Нью-Йоркда полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва «бир неча кундан кейин» қўйиб юборилган.
Шунингдек, у АҚШ Адлия вазирлиги томонидан трансмиллий жиноий гуруҳ сифатида тавсифланган «Trinitarios» гуруҳига алоқадор бўлгани айтилмоқда.
Мамдани, шунингдек, Трампдан шаҳарда ICE томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳаракатларини тўхтатишни сўрашини айтди.
«ICE агентлари жамоаларимизни даҳшатга солаётган бир пайтда мен томошабин бўлиб турмайман», деб ёзди у пайшанба куни кечқурун X ижтимоий тармоғида.
Демократларнинг таянч нуқтаси бўлган Нью-Йорк АҚШнинг ўз полиция ходимларига федерал иммиграция назоратига ёрдам беришни тақиқловчи бир нечта шаҳарларидан биридир.
Пайшанба куни кечқурун воқеа жойига бир гуруҳ намойишчилар йиғилиб, «биз адолат истаймиз» ва «ICE ҳозироқ кўчаларимиздан йўқолсин» деб ҳайқиришди.
Жорий йилда ICE ходимлари иштирокида бир нечта шов-шувли отишмалар юз берди, жумладан, январь ойида Миннеаполисда Рене Гуднинг ўлимига сабаб бўлган отишма шулар жумласидандир.

