Нью-Йорк полицияси энди Корнеллдаги жинсий тегажоғлик бўйича шикоятларни тергов қилади, дейди губернатор
Ушбу ўзгариш кампусдаги талабалар жамияти аъзолари томонидан содир этилган гуруҳ бўлиб зўрлаш айбловларига мактаб раҳбариятининг муносабати атрофидаги норозиликлар фонида эълон қилинди.

Нью-Йорк полицияси энди Корнелл университетидаги жинсий зўравонлик бўйича шикоятларни тергов қилади, дейди губернатор
Нью-Йорк губернатори Кэти Хокул мазкур ўқув юртидаги тўдалашиб зўрлаш айблови атрофидаги эътирозлардан сўнг, Корнелл университетидаги кейинги барча жинсий ҳуқуқбузарликлар бўйича шикоятлар билан энди штат полицияси шуғулланишини айтди.
Бу қарор 2024 йилда кампусда содир этилгани айтилган зўрлаш ҳолатининг кўриб чиқилиши ортидан қабул қилинди. Унда аноним равишда Жейн До деб аталган талаба қиз талабалар биродарлиги уйида унга гиёҳванд модда берилгани ва тўдалашиб зўрланганини айтиб, Корнелл университетини судга берган эди.
Корнелл аввалига ўзининг интизомий чораларини ҳимоя қилди, аммо кейинчалик қизнинг ишини кўриб чиқишда камчиликларга йўл қўйганини тан олди.
Машмаша университетда ғалаён уйғотишда давом этмоқда. Корнелл маъмурияти, жумладан унинг президенти энди профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан билдириладиган ишончсизлик вотумига дуч келмоқда.
Хокулнинг айтишича, Нью-Йорк штати полицияси Корнелл билан келишув имзолаган бўлиб, унга кўра, илгари университет полицияси томонидан кўриб чиқилган жинсий ҳуқуқбузарликлар бўйича барча шикоятлар энди зудлик билан штат полициясига юборилади.
«Кимдир жинсий зўравонлик ҳақида хабар берганда, у ўз айбловлари жиддий қабул қилинишини ва жабрланганларни қўллаб-қувватлаш учун тайёрланган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан атрофлича тергов қилинишини билишга лойиқдир», — деди Хокул пайшанба куни.
«Жабрланганлар ўзларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасаларга ишона олишлари керак», — дея қўшимча қилди губернатор.
Жейн До сентябрь ўрталарида даъво аризаси берганидан бери Элита университетига (Ivy League) қарши эътирозлар кескин тус олди.
Чоршанба куни профессорлар ва бошқа академик ходимлардан иборат бошқарув органи — университет Профессор-ўқитувчилар сенати ёпиқ мажлис ўтказди ва маъмурият ҳамда университет президенти Майкл Котликоффга қарши ишончсизлик вотумини ўтказишга қарор қилди.
Ўқитувчилар жума кунидан бошлаб овоз беришлари мумкин бўлади, овоз бериш 6 ноябргача давом этади. Овоз бериш асосан рамзий характерга эга, аммо у университет раҳбариятида ўзгаришлар қилиш босимини ошириши мумкин.
Шу ой бошида университет тахмин қилинаётган ҳужумга жавобан бир нечта чораларни, жумладан, ўз полиция кучларига жинсий зўравонликни тергов қилувчиларни қўшишни эълон қилди.
Хокул терговнинг олиб борилишидан «чуқур ташвишда» эканини айтди. Шу ой бошида у Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жеймсни жиноий айбловлар асосли ёки асосли эмаслиги бўйича қайта очилган терговни назорат қилиш учун махсус прокурор этиб тайинлади.
Иш марказида турган аёл 2024 йилда университетдаги талабалар биродарлиги уйида етти нафар эркак унга гиёҳванд модда бериб, зўрлаганини даъво қилиб, фуқаролик даъвоси очган.
Унинг айтишича, Корнелл уни ҳимоя қилолмаган ёки ҳозирда «Корнелл еттилиги» номи билан позналган эркакларни етарлича жазоламаган.

