Дунё

Ню-Ёрк мери антисемитизмга қарши янги стратегияни тақдим этди

Ню-Ёрк мери Зоҳрон Мамдани антисемитизмга қарши комплекс стратегияни эълон қилди. Режада нафрат асосида содир этиладиган жиноятларга қарши кураш учун йиллик бюджетни 3 миллион доллардан 29 миллион долларгача ошириш, синагогалар қўриқланишини кучайтириш ва яҳудий маданий муассасаларини қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.

Ню-Ёрк мери антисемитизмга қарши янги стратегияни эълон қилди

ДВ хабарига кўра, Мамдани мазкур стратегияни 29-сентабр куни тақдим этган. Шаҳар маъмурияти синагогаларни қўриқлаш учун қўшимча маблағ ажратиш ва яҳудий диний иншоотлари хавфсизлиги бўйича ищи гуруҳ фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмоқда.

Стратегия доирасида шаҳар бўйлаб антисемитизмга қарши ахборот кампаниялари ўтказилади, Холокост ҳақида маълумот берувчи таълим дастурлари кенгайтирилади.

Яҳудий маданий марказлари ва нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашга ҳам миллионлаб доллар йўналтириш кўзда тутилган. Улар орасида Квинс ҳудудида барпо этилаётган Холокост қурбонлари ёдгорлиги ҳамда Бруклиндаги Янги яҳудий маданияти маркази бор.

Мамдани Х ижтимоий тармоғида эълон қилган видеомурожаатида яҳудийлар Ню-Ёрк аҳолисининг 12 фоизини ташкил этишига қарамай, полиция қайд этган нафрат жиноятларининг ярмидан кўпи антисемитизм билан боғлиқ эканини айтган.

«Бу нафақат қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, балки биз ўзгартиришимиз шарт бўлган вазиятдир. Шаҳар маъмурияти бу борада етакчи ролни ўз зиммасига олади», - деган мер.

Ню-Ёрк тарихидаги биринчи мусулмон мер Зоҳрон Мамдани Фаластинни қўллаб-қувватлаши ва Исроил сиёсатини танқид қилиши билан танилган. Унинг бу қарашлари шаҳардаги яҳудий жамоасининг бир қисми норозилигига сабаб бўлган. Айни пайтда, Ню-Ёрк яҳудийлари орасида Мамданининг тарафдорлари ҳам бор.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ню-Ёркдаги БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида Мамданини антисемит деб атаган.

ДВ маълумотига кўра, Мамдани 2026-йилги сайлов кампанияси давомида Нетаняҳу Ню-Ёркка келса, Халқаро жиноят суди 2024-йилда берган ҳибсга олиш ордери асосида унинг ҳибсга олинишига эришишга ҳаракат қилишини айтган. Бироқ мер лавозимига киришганидан сўнг, бундай ваколатга эга эмаслигини тан олган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.