Нукусда яна 100 та хонадонда асаларичилик йўлга қўйилади

Нукусда яна 100 та хонадонда асаларичилик йўлга қўйилади
Шавкат Мирзиёев Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ҳудудда мингдан ортиқ оила, жами 3,6 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда жорий этилган “Смарт маҳалла” тизими аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш, демографик маълумотларни аниқ юритиш ва инфратузилма ҳолатини электрон назорат қилиш имконини бериб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ижтимоий инфратузилмани яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Инвестиция дастури доирасида 4,5 млрд сўм маблағ эвазига 60 ўринли замонавий боғча фойдаланишга топширилди. Маҳаллий бюджетдан 1 млрд сўм ажратилиб, футбол ва воркаут майдончалари қурилди.
Аҳоли даромадини оширишда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида асаларичилик асосий йўналиш сифатида белгиланган. Ҳозирда маҳаллада 20 дан ортиқ хонадонда асалари боқилмоқда. Бир хонадонда 50-100 та асалари қутисидан йилига 1 тоннагача асал олиниб, даромад топилмоқда.
Давлат раҳбари маҳаллада яшовчи Бахтиёр Жубаев хонадонида бўлиб, асални қайта ишлаш сехи ва асалари қутиларини тайёрлаш жараёни билан танишди.
Бу ерда бир мавсумда 2 тонна қайта ишланган асал маҳсулоти сотилиб, йилига 200 млн сўм атрофида фойда олинмоқда. Устахонада эса йилига 250 тадан ортиқ асалари қутиси тайёрланиб, қўшимча 80 млн сўмгача даромад кўрилмоқда.
Йил якунига қадар Асаларичилар уюшмаси томонидан яна 100 та хонадонда кооперация асосида асалари боқишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу яна кўплаб оилаларни барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.
Президент шу ерда ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
Оролбўйини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди. Маҳаллаларда бошланган бундай хайрли ишлар кўлами кенгайтирилиб, уларни амалга ошириш суръати янада жадаллашиши қайд этилди.

