Нозик экотизим остида газ қувури туннели барпо этилди
Канадада Эагле Моунтаин - Воодфибре газ қувури учун Монмут тоғи ва Скомиш дарёси эстуарийи остидан қазилган 9 километрлик туннелнинг икки қисми туташтирилди. Энди туннел қувурларни ўрнатишга тайёрланади.

Нозик экотизим остида газ қувури туннели қурилди
Канадада Кокитлам шаҳрини Воодфибре ЛНГ экспорт терминали билан боғлайдиган Эагле Моунтаин - Воодфибре (ЭГП) газ қувури қурилиши давом этмоқда.
Мутахассислар лойиҳанинг муҳим босқичини якунлаб, Монмут тоғи ва Скомиш дарёси эстуарийи — дарёнинг денгизга қуйилиш ҳудуди остидан ўтган 9 километрлик туннелнинг икки қисмини туташтирди.
Туннел икки хил геологик муҳитда қазилди. Монмут тоғи остида қаттиқ тоғ жинслари, эстуарий остида эса юмшоқ грунт мавжуд эди.
Икки қисмни ажратиб турган сўнгги қатлам туннел қазиш комплекси ёрдамида қисқа вақт ичида очилди. Бироқ мутахассислар ушбу босқичга етиб келиш учун бир неча йил тайёргарлик кўрган.
Қурилиш экологик жиҳатдан сезгир ҳудудга таъсир қилиши мумкин эди. Шу сабабли ЭГП лойиҳаси жамоаси ишларни бошлашдан олдин уларни Скомиш туб аҳолиси вакиллари билан келишган.
Британия Колумбияси жанубий соҳилида жойлашган Сквелвилъем қўриқланадиган эстуарий ҳудуди кўплаб ўсимликлар, балиқлар ва ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити ҳисобланади. Ушбу ҳудуд Скомиш халқи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Эстуарий юзасига зарар етказмаслик учун туннелни очиқ траншея қазимасдан, унинг остидан ўтказишга қарор қилинган. Бу мавжуд газ тизимини кенгайтириш билан бирга табиий ҳудудни сақлаб қолиш имконини берган.
Лойиҳани техник жиҳатдан амалга ошириш учун иккита турли туннел қазиш тизими ишлаб чиқилди. Улардан бири эстуарий остидаги юмшоқ грунтда, иккинчиси Монмут тоғи остидаги қаттиқ жинсларда ишлади.
Туннел қурилиши ЭГП лойиҳасининг энг мураккаб қисмларидан бири ҳисобланган.
Энди мутахассислар туннел қазиш комплексини олиб чиқиши ва иншоотни газ қувурларини ўрнатишга тайёрлаши керак.

