Сиёсат

Нотариус ижро хатини бекор қилиш тартиби ўзгарди

Ўзбекистонда нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш ва бекор қилиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Янги тартибга кўра, қарздор ижро хати нусхасини олган ёки унинг ёзилганидан хабар топган кундан бошлаб 10 кун ичида эътироз билдириб, нотариусдан ижро хатини бекор қилишни сўраши мумкин.

Нотариус ижро хатини бекор қилиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирининг 2026-йил 7-августдаги 26-мҳ-сон буйруғи билан Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришлар маълум қилади. Ҳужжат 7-август куни 3757-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, қарздор ижро хатига нисбатан эътирозларини билдириб, уни ёзган нотариусга бекор қилишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ижро хати нусхаси олинган ёки унинг ёзилгани маълум бўлган кундан бошлаб 10 кунлик муддат белгиланган.

Бундай ҳолатда нотариус ижро хатини бекор қилиб, тегишли қарор чиқаради. Қарорда ундирувчига ўз талабини даъво ишини юритиш тартибида тақдим этиши мумкинлиги тушунтирилади.

Ижро хатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор нусхаси ундирувчи ва қарздорга ёки қарздорнинг оила аъзоларидан бирига топширилади. Шунингдек, ҳужжат почта ёки бошқа алоқа воситалари, жумладан электрон почта ёхуд мобил телефон орқали юборилиши мумкин.

Агар ижро хати Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига юборилган бўлса, уни бекор қилиш ҳақидаги қарор ҳам қабул қилинган куннинг ўзида мазкур органга юборилади.

Қарздор белгиланган 10 кунлик муддатни узрли сабабларсиз ўтказиб юборса, нотариус ижро хатини бекор қилишни рад этади. Бироқ касаллик, яқин қариндошининг вафоти, Ўзбекистондан ташқарида бўлиш каби узрли сабаблар бундан мустасно. Нотариуснинг рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга мурожаат қилиш мумкин.

Шунингдек, ижро хати ёзилишига асос бўлган қарздорлик электрон тизимлардаги техник носозлик туфайли юзага келгани ёки ҳисоблангани аниқланса, ундирувчи ёки қарздорнинг мурожаати асосида ижро хати бекор қилинади.

Ўзгартиришлар идентификация жараёнига ҳам тааллуқли. Фуқаронинг жисмоний нуқсони сабабли бармоқ изларини махсус мосламалар орқали сканер қилиш имкони бўлмаса, унинг шахси Фасе-ИД орқали верификация қилинади.