Норвегия қиролининг аҳволи оғирлашди

Норвегия қироли Ҳаралднинг соғлиғи ёмонлашди
АП Невс хабарига кўра, Норвегия қироли Ҳаралднинг саломатлиги ўтган дам олиш кунлари ёмонлашган. Бу ҳақда қирол саройи маълум қилди.
89 ёшли монарх бир неча ҳафтадан бери касаллиги туфайли таътилда эди. У бир ҳафта аввал Миллий касалхонага ётқизилган. Европадаги энг кекса монарх қоннинг бактериал инфексияси сабабли антибиотиклар билан даволанмоқда.
Қирол саройининг 23-август куни кечқурун хабар беришича, унга қўлланилаётган муолажалар ижобий таъсир кўрсатмоқда ва аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Ҳозирда унинг ўғли, валиаҳд шаҳзода Ҳаакон қирол ўрнига вақтинча давлатни бошқариб турибди.
Ўтган ҳафтада сарой қиролнинг гемолитик анемия билан оғриётганини ва кортизон билан даволанганини маълум қилган эди. Натижада организмда суюқлик йиғилиб қолгани сабабли касалхонага ётқизишга тўғри келган. 1991-йилдан бери тахтда ўтирган қирол Ҳаралд сўнгги йилларда бир неча бор касалхонага тушган.
Аввалроқ АҚШ собиқ президенти Жо Байденнинг простата бези саратони танасига тарқаб кетгани ва аҳволи сезиларли даражада оғирлашгани ҳақида хабар берилганди. Унинг ўғли Ҳантер Байденнинг айтишича, отаси кучли оғриқдан азоб чекмоқда.

