Номус учун жанг. 17 ёшли қиз қандай қилиб Италия қонунларини ўзгартирган эди?
1965-йил Италияда кейинчалик бутун бошли мамлакат қонунлари ўзгаришига сабаб бўлган ҳодиса содир бўлади. 17 ёшли қизни турмушга узатмоқчи бўлишганда у кўнмайди. Масала қизнинг ёши билан эмас, шунчаки италян жамиятида қонуний тус олган нохуш анъана билан боғлиқ эди. Кўп ўтмай қонунлар ўзгаради, ёқимсиз анъана барҳам топади.

Номус учун кураш: 17 ёшли қиз Италия қонунларини қандай ўзгартирди?
Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одатлари ва анъаналари бор, уларнинг баъзилари бошқалар учун ғалати туюлиши мумкин. Масалан, Марказий Осиё ва Кавказдаги айрим халқларда қиз олиб қочиш, келин ўғирлаш одатлари мавжуд.
Ҳозирги кунда қизларни ўғирлаб, уларни турмушга чиқишга мажбурлаш қонунан тақиқланган бўлиб, бундай ҳолатлар энди рамзий маънода, яъни икки томоннинг розилиги билан амалга оширилади. Бироқ, бу одатлар пайдо бўлган вақтларда йигитлар қизларнинг розилигини сўрамасдан уларни ўғирлаб, турмушга чиқишга мажбурлаганлар. Мажбурий қиз олиб қочиш ҳолатлари ҳануз учраб туради, аммо бундай зўравонларга қонунан чора кўрилаётгани сабабли вазият ижобий томонга ўзгарган.
ХХ асрнинг 70-йилларигача Италияда ҳам қиз олиб қочишга ўхшаш одат мавжуд бўлган. Қонунда бу иш амалда тақиқланмаган эди. Агар йигит қизни ўғирлаб, зўрласа ва унга уйланишни талаб қилса, қиз қонунан ҳеч нарса қила олмаган. Табиийки, қизни зўрлаган йигит жавобгарликдан қутулиб қолган. Айнан шу жазосизлик қиз ўғирлашни анъанага айлантирган.
Бироқ, 1965-йилда 17 ёшли Франка Виола бу бемаъни одатга қарши чиқиб, барчасини ўзгартириб юборади. Қиз уни ўғирлаб кетиб, зўрлаган йигитга турмушга чиқишдан бош тортади. Қизга босим ўтказилади, аммо ота-онаси унинг ёнида бўлгани учун Франка ўз қарорида қатъий туради. Охир-оқибат, зўравон йигит жиноий жавобгарликка тортилади.
Бу воқеадан сўнг Италия парламенти тегишли қонунларни қайта кўриб чиқади. Депутатлар ўз қурбонига уйланган йигитларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги қонунни бекор қилади.
**Франка Виоланинг ўғирланиши**
Франка Виола Италия мафиясининг "ватани" бўлган Сицилия оролидаги Алкамо шаҳрида туғилган. Ўша пайтларда Италияда аёлнинг тақдири кўп ҳолларда ўзига боғлиқ бўлмаган. Сицилияда оила шаъни ва қизларнинг никоҳгача бўлган обрўсига жиддий қарашган. Яъни, қизлар зўравонлик қурбони бўлса ҳам, жамият уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жиноятчини жазолашдан кўра, оила шаънини устун қўярди. Франка ана шундай жамиятда улғаяди.
17 ёшли гўзал Франкага йигитлар совчи қўя бошлайди, бироқ қиз уларнинг ҳеч бирига розилик бермайди. 1965-йил 26-декабр куни ана шундай рад этилганлардан бири Филиппо Мелодия шериклари билан қизни ўғирлаб кетади. Йигит Франкани саккиз кун тутқунликда сақлаб, муттасил зўрлайди. Қизнинг ота-онаси аввалига Франкани ким ўғирлаб кетганини билолмайди. Кўп ўтмай, уни Филиппо ўғирлагани ҳақида гап-сўзлар тарқалади. Бир неча кун ўтиб, полиция қизни озод қилади, зўравон ҳибсга олинади.

