Номи оқ митти, ранги эса яшил - астрономлар ғайриоддий юлдузни тасвирлади
Астрономлар Ердан 284 ёруғлик йили узоқликдаги ВД Ж1330+6435 оқ митти юлдузи инсон кўзига оч яшил тусда кўринишини ҳисоблаб чиқди. Тадқиқот муаллифларига кўра, бу яшил ранги ҳақида ишончли маълумот олинган биринчи юлдуз бўлиши мумкин.

Номи оқ митти бўлса-да, ранги яшил — астрономлар ноодатий юлдузни тасвирлади
Натижалар РАС Течниқуес анд Инструменц журналида чоп этилган. Олимлар оқ митти юлдузларнинг турли тўлқин узунликларидаги нурланишини инсон кўришини тақлид қилувчи рақамли моделлар ёрдамида таҳлил қилган.
Бу яшил юлдузнинг оддий фотосурати ҳақида эмас. Ҳисоб-китоблар инсон уни яқин масофадан кузатганда қандай рангда кўришини аниқлашга қаратилган.
Оқ миттилар — Қуёш каби юлдузлар эволюциясининг якуний босқичида қоладиган ўта зич жисмлар. Уларнинг ўлчами Ерникига яқин бўлиши мумкин, бироқ массаси Қуёш массасининг сезиларли қисмини ташкил этади.
Оддий юлдузларнинг ранги асосан ҳароратига боғлиқ. Оқ миттиларда эса ўта зич атмосфера ва ундаги кимёвий элементлар нурнинг айрим қисмларини кучли ютиб, ғайриоддий ранглар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
ВД Ж1330+6435 ҳарорати тахминан 4000 даража Селсийга тенг. Бундай ҳароратдаги оддий юлдуз қизғиш-тўқ сариқ кўриниши мумкин эди. Аммо ушбу оқ митти атмосферасидаги натрий тўқ сариқ, калсий эса бинафша нурларни ютади. Натижада, моделга кўра, инсон кўзи қолган нурланишни оч яшил тусда қабул қилади.
Юлдузнинг умумий ёши тахминан 8,4 миллиард йил деб баҳоланган. Шундан қарийб олти миллиард йилини у оқ митти ҳолатида ўтказган.
Тадқиқотда бошқа ғайриоддий ранглар ҳам қайд этилган. Углеродга бой айрим оқ миттилар пушти ёки қирмизи-бинафша, совуқроқ водород-гелий атмосферага эгалари эса феруза ёки кўкимтир тусда кўриниши мумкин.
Шунга қарамай, бундай ранглар кам учрайди. Ўрганилган оқ миттиларнинг тахминан 3,4 фоизидагина оқ рангдан сезиларли фарқ қилувчи туслар аниқланган.

