«Ногиронлик — 300 доллар»? Актёр мурожаатидан сўнг масъулларга чора кўрилди
Пора ҳақидаги даъво эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширилмоқда

«Ногиронлик — 300 доллар»? Актёр мурожаатидан кейин масъулларга нисбатан чора кўрилди
Сергели туманида яшовчи театр ва кино актёри Мусулмон Юнусов фарзандига қайта ногиронлик белгилаш жараёнида коррупсиявий ҳолатга дуч келгани ҳақида қилган видеомурожаати жамоатчилик эътиборини тортган эди. Актёр Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага йўллаган мурожаатида поликлиника ҳамшираси орқали 300 доллар пора сўралганини билдирган. Шу мурожаатдан сўнг тегишли идоралар ҳолатни ўрганиб, расмий изоҳ берди.
Актёр айтишича, оила икки йиллик муддат тугагач, қизига қайта ногиронлик экспертизасидан ўтиш учун ҳужжатларни тайёрлаган. Расмий маълумотга кўра, ариза 2026 йил 18 май куни 71-сон оилавий поликлиника томонидан қабул қилинган ва 21 май куни Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясига электрон йўлланма юборилган.
127-сонли Сергели туманлараро ТИЕК томонидан 5 июн куни кўрик ўтказилиб, болага 18 ёшгача ногиронлиги бўлган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бола сифатида хулоса берилган. Яъни, актёр оиласи кутган натижа дастлаб тақдим этилган эди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу хулоса тасодифий электрон қайта текширувга тушиб қолган ва Самарқанд вилояти ТИЕК эксперти томонидан ҳужжатлар асосида қайта кўриб чиқилган. Натижада боланинг «парваришга муҳтожлик» қисми хулосадан чиқариб ташланган, фақат «18 ёшгача ногиронлиги бўлган бола» деган хулоса қолдирилган. Айнан шу ўзгариш, яъни онанинг қаровчи сифатида бириктирилмагани, актёрнинг видеомурожаатида норозилик билдирилган асосий масала бўлган.
Расмий тан олишича, мазкур тасодифий қайта текширув натижаси 127-сон Сергели туманлараро ТИЕК томонидан тўлиқ ўрганилмаган. Яъни, маҳаллий комиссия ўзгартирилган хулосани етарли даражада назорат қилмаган. Мурожаатдан сўнг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги махсус ищи гуруҳ тузган.
2026 йил 3 сентябр куни бола қайта кўрикдан ўтказилиб, тиббий ҳужжатлари ва обьектив ҳолати қайта баҳоланган. Натижада дастлабки хулоса тикланган: болага 18 ёшгача ногиронлиги бўлган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бола сифатида якуний хулоса берилган. Актёрнинг видеомурожаатида кўрсатилган, поликлиника шифокори томонидан 300 доллар талаб қилингани ҳолати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳозирда текширув олиб бормоқда. Бу борада ҳозирча якуний хулоса эълон қилинмаган.
Расмий маълумотга кўра, юзага келган ҳолат юзасидан Сергели туманлараро ТИЕК ва «Инсон» маркази масъул раҳбар ҳамда ходимларига нисбатан ишдан бўшатишгача бўлган қатъий чоралар қўлланган. Шунингдек, идора хулосадан норози бўлган фуқароларнинг ҳуқуқий имкониятларини ҳам эслатиб ўтган. Чиқарилган хулосадан норози бўлган шахс 1 ой ичида вилоят ёки шаҳар ТИЕКларига, 5 кун ичида эса Республика ТИЕКга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шунга ўхшаш ҳолатлар, жумладан, хулосаларнинг сабабсиз ўзгартирилиши ёки назорациз қолдирилиши каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ДМЕД тизими билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ногиронлик белгилаш электрон тизимини интеграция қилиш белгиланган. Бу жараённи 2026 йил якунигача амалга ошириш режалаштирилган. Мақсад ортиқча қоғозбозликни ва инсон омили таъсирида хулосаларнинг ноўрин ўзгартирилишини бартараф этишдан иборат.

