Нобел жамғармаси 2026-йилги мукофот суммасини оширди

Нобел жамғармаси 2026-йилги мукофот миқдорини оширди
Нобел жамғармаси мукофот таъсис этилганининг 125 йиллиги муносабати билан 2026-йилда ҳар бир йўналиш учун бериладиган пул мукофоти ҳажмини кўпайтирди. Бу ҳақда жамғарманинг расмий сайтида маълум қилинди.
Мукофот суммаси 1 миллион Швеция кронасига, яъни қарийб 101 минг долларга оширилди. Шундан сўнг лауреатлар ҳар бир йўналиш бўйича 12 миллион крона — тахминан 1,2 миллион доллар оладиган бўлди (илгари мукофот миқдори 11 миллион Швеция коронаси эди).
“Пул миқдорини ошириш орқали биз Нобел мукофотининг узоқ муддатли аҳамиятини қўллаб-қувватлаймиз ва вақт ўца-да, унинг молиявий қиймати сақланиб қолишини таъминлаймиз”, — деди жамғарма ижрочи директори Ханна Стёрне.
Нобел мукофотлари илк бор 1901-йилда топширилган. 2012-йилда жамғарма молиявий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида пул мукофоти миқдорини камайтирган, кейинчалик эса уни бир неча бор оширган.
Нобел мукофоти йирик илмий тадқиқотлар, муҳим кашфиётлар, шунингдек кишиларнинг маданият ёки жамият тараққиётига қўшган катта ҳиссаси учун берилади.
Алфред Нобел ўз васиятида мукофотларни беш йўналиш вакилларига топширишни белгилаган: физика, кимё, физиология ёки тиббиёт, адабиёт ҳамда дунёда тинчликни қарор топтиришга ҳисса қўшиш.
1968-йилда Швеция Марказий банки Алфред Нобел хотирасига иқтисодиёт фанлари бўйича мукофотни ҳам таъсис этди.
2026-йилги Нобел мукофоти лауреатлари номи 5–12-октябр кунлари эълон қилинади.

