Бошқа

“Низосиз чиқиб кетиш учун оғир-босиқ бўлишимиз керак”. Орган ходимлари билан мулоқотда қандай ҳуқуқлар бор?

Ҳуқуқшунос Жаҳонгир Муталибовга кўра, ҳуқуқ органи вакиллари билан суҳбатни аудио ёки видеога ёзиб олиш керак. У буни фуқаро ҳуқуқларини талаб қилиши ва эҳтимолий тушунмовчиликдан қочишининг самарали йўли деб ҳисоблайди. Далил тўплаш қандай бўлади? Газета мутахассис билан мавзуни муҳокама қилди.

“Низосиз чиқиб кетиш учун оғир-босиқ бўлишимиз керак”. Орган ходимлари билан мулоқотда қандай ҳуқуқлар бор?

Тасаввур қилинг, ИИО ходими сизни кутилмаганда тўхтатиб, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатни сўраса ёки телефонингиздаги маълумотларни кўрмоқчи, автомобилингизни тинтув қилмоқчи бўлса, бундай пайтда сиз нима қилардингиз?

Ҳуқуқшунос Жаҳонгир Муталибов ана шундай вазиятларда фуқаролар ўзини қандай тутиши мумкинлиги ҳақида ҳам тавсияларини билдириб ўтган.

— Жаҳонгир ака, аввало подкастга рози бўлганингиз учун раҳмат. Биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки ички ишлар органлари деймиз. Дастлаб, бу органларга қайси ташкилотлар кириши ҳақида ва уларнинг вазифалари ҳақида гапириб бероласизми?

— Ҳуқуқ тартибот органлари деганда бир нечта ташкилотлар назарда тутилади. Умуман олганда эса юридик адабиётларда булар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар деб юритилади. Яъни улар турли соҳадаги ҳуқуқларни ҳимоя қилади.

Биламиз, давлат фақат фуқаролардан иборат эмас, аввал шахс, кейин жамият ва давлат келади. Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам аввало фуқаро, турли институт, ташкилот ва корхоналар, ундан кейин эса давлат ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бундай органлар бир нечта. Халқ тилида милиция, яъни ИИВ, Бош прокуратура, ДХХ, Божхона қўмитаси, Миллий гвардия, Солиқ қўмитаси, МИБ, Адлия вазирлигини мисол қилиш мумкин.

Ўзбекистонда аввало ҳуқуқ сиёсатини юритувчи ташкилот Адлия вазирлиги, бошқа идоралар эса ҳуқуқни тартибга солувчилар ҳисобланади. Ҳаммаси бир вазифани бажара олмайди, ҳар бирининг вазифаси белгиланган. Акс ҳолда давлатда маълумот шаклланмайди. Шу сабаб масъулиятлар турли органларга тақсимланган.

— Бугунги кунда фуқаролар сиз санаб ўтган ташкилотлардан айнан қайси бири билан кўпроқ тўқнаш келади? Ва мулоқот давомида қандай муаммолар юзага келади, сизнингча?

— Ҳозир фуқаролар энг кўп муносабатга киришадиган ташкилотлардан бири — ИИВ. Чунки ИИВ вакиллари ҳар бир ҳудудга тақсимланган. Биз уларни профилактика инспектори, оддий тилда “участковой” деб атаймиз. Кейин прокуратура органлари билан кўпроқ тўқнаш келишади, чунки айнан улар қонунларнинг ижросини назорат қилади. Ундан кейингиси сифатида Божхона қўмитаси вакилларини айтиш мумкин. Яъни одамларимиз четга чиқиши ёки Ўзбекистонга кириши бор, бу билан айнан божхоначилар шуғулланади. Бундан ташқари, йўл ҳаракатида ЙПХ ходимлари билан юзлашиш мумкин.

Умуман олганда, одамлар у ёки бу жойда барибир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан тўқнаш келиши мумкин. Албатта, 100 фоиз дейиш қийин, аммо кундалик ҳаётда 10−20 фоиз ҳолатда гаплашишга тўғри келиши табиий. Одатда ППХ ходимлари томонидан йўлларда тез-тез патруллар ҳам амалга ошириб турилади. Бу ҳаракатларни кўрган инсон келгусида муайян ишлардан тийилиши ёки муаммоси билан мурожаат қилиши мумкин. Патруллар ўтказилишининг яна бир муҳим сабабларидан бири ҳам шу.

— Йўлда кетаётганингизда ИИО ходими сизни тўхтатиб, сўроқ қилиши мумкин дедингиз-ку. ИИО ходими бунга ҳақлими? Ўзи нега бундай қилинишини ҳуқуқий жиҳатдан тушунтириб бероласизми?

— Ҳар қайси давлатда ҳам муайян ҳудуддаги жамоанинг хавфсизлиги, тинчлигини таъминлаш учун муайян посбон қўйилади. Бизнинг бу ҳолатимизда участка нозири, яъни профилактика инспектори ёки бошқа махсус ходимлар бўлиши мумкин. Мана шу ходимларга йўлда шубҳали кўринган фуқароларни текшириш, суҳбатлашиш ваколати берилган. Жамият орасида муайян қидирувда бўлган шахслар бўлиши мумкин, ходимлар уларни топиб, ушлаб келиши керак. Қидирувдагиларга ўхшатган ёки шубҳа пайдо бўлган вақтда йўлда кетаётган фуқарони тўхтатишга ҳаққи бор. Биз унга “тўхтатишга нима ҳаққинг бор, йўлимдан тўғри кетяпман-ку” дея олмаймиз.

— Шу жараённинг тартибини тушунтириб бероласизми? Дейлик, ИИО ходими бир фуқаронинг олдига келиб, аввало нима қилиши керак? Ўзини таништириши, гувоҳномасини кўрсатиши керакми? Фуқаро бунга нима дейиши мумкин?

— Нафақат ИИО, умуман Миллий гвардия, ППХ — жамоат тартибини сақлаш билан шуғулланувчи барча органлар фуқароларни тўхтатиб, гаплашиши мумкин. Бунга сабаб нима дейилса, бугунги дунёдаги геосиёсий вазиятдан барчанинг хабари бор. Шу сабаб ҳукумат ходимларга ҳушёрликни ошириш бўйича тез-тез топшириқ бериб туради. Ҳушёрликни ошириш эса, албатта, кузатув, сўраб-суриштириш билан бўлади. Энди ходимларнинг фуқароларга мурожаат қилиш тартибига келадиган бўлсак, ҳар бир орган ходимининг ички тартиб-қоидалари, касбга оид одоб-ахлоқ нормалари бор. Унда фуқаролар билан қандай гаплашиш, уларга қандай мурожаат қилиш тартиблари белгиланган ва ҳаммасида ҳам мулойимлик бор.

Бунинг устига орган ходимларининг ҳам ўзига яраша салобати, жиддийлиги бўлади, фуқаронинг олдига келиб табассум билан мурожаат қилмайди. Ҳар ҳолда бизнинг амалиётда бунақаси йўқ. Масалан, Европа мамлакатлари: Буюк Британия ёки Америка давлатларида табассум билан гаплашиши мумкин. Уларнинг ички қоидаларида шундай белгиланган бўлса керак. Аммо, менимча, бизнинг юртимизда бундай қоида йўқ. Буни ҳам тўғри тушуниш керакдир, балки. Ҳамма ходим ҳам келиб табассум қилиб “кечирасиз, келинг, танишиб олайлик” демайди. Бундай деса биз ўзимиз ҳам нотўғри тушуниб қоламиз-да. Худди шилқимлик қилаётгандек ҳис қилишимиз мумкин.

Шунинг учун жиддий оҳангда саломлашиб, аввал сизнинг ҳужжатларингизни сўраши мумкин. Шу вақтда фуқаронинг ўзи ходимдан ўзини таништиришини, ҳужжатини сўраши керак бўлади. Дейлик, келган одам махсус формада, белгилари илинган, 99 фоиз ҳолатда унинг ходим экани маълум бўлганда ҳам фуқаро унинг гувоҳномаси ва ким эканини сўрашга ҳақли. Сизни тўхтатиб, исм-фамилиянгизни сўраяптими, сиз ҳам ундан олдин шундай талаб қўйишингиз мумкин. Аммо телефон орқали гаплашганда ўзининг кимлигини айтмайдиганлари ҳам бор. У ИИОда ҳам, прокуратурада ҳам, судда ҳам бор. Шахсан ўзим кузатганман.

— Шундай вазиятда фуқаро жавоб бермасликка ҳам ҳақлими?

— Сизнинг шахсий маълумотларингизни ким сўраётганини билмасангиз, телефонда ким билан гаплашаётганингиз номаълум бўлса, “сизнинг кимлигингизни билмаяпман, шунга тўғри тушунасиз, мен маълумотларимни бермайман” деб муомала қилишга ҳуқуқингиз бор. Лекин мен фуқароларимизга таклиф сифатида айтиб ўтган бўлардим, яъни мулоқотда сабрли ва хушмуомала бўлгани маъқул.

— Лекин давлат хизматчисининг ўзи қўпол муносабатда бўлса-чи?

— Орган ходимлари барибир давлатнинг муайян соҳадаги мансабдор шахси ҳисобланади. “Менга қаршилик кўрсатяпти” деб фуқарога нисбатан ҳужжат расмийлаштириб юбориши ҳеч гап эмас. Шунда додини кимга айтишади?

— Шунда ҳам фуқаро сабр қилиши керак дейсизми?

— Фуқаронинг сабрсизлиги сабаб қўпол муносабат юзага келиб, ходим бу ҳаракатларни бўйсунмаслик деб баҳолаб, баённома қилиб, муайян чора кўргандан кўра, сабрлироқ бўлган яхши, менимча. Озгина сабр қилиб, хушмуомалалик билан ходимга қарата “исм-фамилиянгизни айтинг, бўлмаса, устингиздан шикоят қиламан” дейиш ҳам мумкин. Шу ўринда фуқаролар орган ходимининг қўпол муносабатда бўлганини далиллар билан мустаҳкамлаб туриши керак. Чунки эртага бирор ташкилотга шикоят қилинса, ўша видео ёки аудио кўринишидаги далилнинг фойдаси тегиши мумкин. Қонун фуқароларнинг далил тўплашига қаршилик қилмайди.

Лайфҳак деб айцак ҳам бўлади. Ҳозир ҳаммада деярли смартфонлар бор, бунинг имкониятлари кенг. Вазиятни аудио ёки видеога хотирлаб борса бўлади. Фуқаро суҳбат ёзиб олинаётганини бемалол билдирсин, орган ходими нега ундай қилаётганини сўраса, “сиз менга қўпол муомала қилсангиз, эртага шикоят қилишим учун далил бўлсин” дейиши керак. Шунда уни тўхтатган ходим сергак тортади. “Мен ундай қилмайман, ўчиринг” деса, “хафа бўлманг, ўртоқ инспектор, мен шундай тажовузларга кўп учраганман, бу — менинг ҳуқуқим” деган яхши. Исталган ходим фуқародан қўрқмаса ҳам, аудио ёки видео ёзувдан қўрқади. Ҳозир ақлли кўзойнаклар чиқяпти, чунки замон шуни талаб қиляпти. Борган сари одамлар эҳтиёткорликни талаб қилишяпти.

— Хўп, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қайси ҳолатларда телефонни ёки фуқаронинг шахсий буюмларини текшириши мумкин?

— Ўзи умуман Конституциямиз бўйича инсон ва унинг мол-мулки дахлсиз. Шунинг учун қонуний асос бўлмасдан туриб бирор нарсангизни бирор ким текширишга ҳаққи йўқ. Махсус формали мансабдорларнинг ҳаммасига ҳам бир хил ваколат берилмаган. Лекин берилганлари ичида фуқароларда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид предмет бор ёки йўқлигини кўздан кечириш ҳуқуқи бор. Бугунги кунда ўткир тиғли жисмлар қаторида пичоқ ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик предметига киритилган. Ёнингизда пичоқ борми ёки йўқ, шуни билиш учун ходим чўнтагингиздан ҳамма нарсани чиқаришингизни сўраши мумкин. Энди фуқаро уни яшириб қўйганлигига оид гумон ҳам бўлиши мумкин. Шунда тинтув масаласи кўтарилади. У қандай қилинади? Мана шу ерда аниқ чегаралар бор.

Амалиётда муайян шахс шубҳа туғдирганида ИИО ходими иккита холисни олиб келиб, фуқародан гумон қилганини ва нега гумонланганини айтиб, чўнтаклари билан бирга тинтиб чиқиши мумкин. Фақат иккита холис билан. Қонун бўйича бу жараён протоколлаштирилиши лозим. Лекин буни кимдир эриниб қилмайди. Эртага икки томонда ҳам туҳмат ва тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун аслида шу вазият расмийлаштириб қўйилгани яхши. Бугунги кунда амалиётда терговчининг ёки юқори турувчи мансабдор шахснинг қарори бўлмаса-да автомашиналар титиляпти, наркотик моддалар чиқяпти. Аниқланган оқибат ҳуқуқбузарликни ёпиб кетяпти. Аслида бундай бўлиши керак эмас. Мен бунга қаршиман, лекин амалиётдан келиб чиқиб савол бераётганингиз учун амалиётдан келиб чиқиб гапиряпман. Шу ҳолатда ҳужжатларни талаб қилишни ҳам билишимиз керак.

Яъни ходимлар бирор фуқаро ёки унинг мулкини тинтувдан ўтказишни сўрашса, жараён расмийлаштирилиши, холислар иштирокида ўтиши муҳим. “Мен сизга тўлиқ ҳамма нарсани кўрсатаман. Сумкам ёки машинамни шундай очиб кўрсатаман, фақат иккита холис кўриб турсин, менга баённоманинг бир нусхасини берасиз. Кейин бу бўйича тегишли органга бориб мурожаат қиламан. Ўзи бу хатти-ҳаракатлар тўғри бўлдими ёки йўқ, шу бўйича мурожаат қиламан” деб чиройли муомалада сўраш мумкин. “Майли, борсин, ёзаверсин, мен ҳақман” дейдиганлар ҳам бор. Шунинг учун озгина ҳужжатбозликдан қўрқиш керак эмас.

“Юринг, сиз билан бирга идорамизга борамиз” дейдиган бўлса, МЖтКга кўра, орган ходимининг бунга ҳаққи йўқ. Қачонки шахснинг шахси ноаниқ бўлсагина, шундай бўлиши мумкин. Дейлик, менинг ёнимда шахсни тасдиқловчи ҳужжатим йўқ, интернет орқали ҳам топиб бўлмаяпти ёки юзимни фиксация ҳам қилиб бўлмаяпти. Мазкур вазиятда профилактика инспектори хонасида ёки маҳалла идорасида 2 соатча ушлаб, мен ҳақимда ойдинлик киритиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Лекин сизнинг шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бор, ҳеч бўлмаса ҳайдовчилик ёки талабалик гувоҳномаси бўлса, электрон кўрсата олган тақдирингизда боришга мажбур эмассиз. Сизни сабабсиз олиб кетишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмайди. Агар шунда ҳам ходим билан кетишдан бошқа чора бўлмаса, мажбуран олиб кетилсангиз ҳам телефон орқали адвокатингизни чақиришингиз, уйдагиларингизга хабар беришингиз мумкин. Яъни фуқаро қаерда эканини хабар қилишга ҳуқуқи бор. Сизни изсиз ҳеч ким олиб кета олмайди.

— Фуқаро кетишга кўнмаса-чи? “Идорангизга бормайман” деб ҳам туриб олиши мумкинми?

— Олиб кетишда сизнинг телефон қилиб олишга оид мурожаатингизга ҳам қарамай, шароит яратиб бермасдан олиб кеца, қонун бузилиши бошланади. Лекин фуқаро боришни истамаса ҳам топшириқни бажаришга мажбур. Бажармасдан нима қилади, қочиб кетадими? Майли, дод-фарёд солсин, ёрдам сўрасин, “мени ноқонуний олиб кетишяпти” деб бақирсин, аммо ўша ҳолатни далил билан ўзида мустаҳкамлаб қўйсин.

Бу вазиятда истамаса ҳам бормаслиги мушкул. Чунки фуқарони бўйсунмади деб топиб, барибир олиб кетиш мумкин. Бунинг нозик жиҳатлари кўп. Фуқаро ва мансабдор шахс бир тарозига тортилганда, тан олиш керак, мансабдорнинг палласи оғирроқ келяпти. Кўпроқ унинг гапига ишонишяпти. Бу — факт. Буни яширадиган жойи йўқ. Фуқаро ҳақ эканини исботлаб беришига тўғри келяпти.

— Дейлик, кўчада эмас, телефон орқали ИИО идорасига чақирилса, қандай бўлади? Амалдаги қонунчиликка кўра, сўров юборилиши керакмасми?

— Бирор фуқаро муайян мақомдаги шахс бўлсагина, у давлат идорасига чақирилади. Бу вазиятда ИИО идорасига қачонки, гувоҳ ёки гумондор ёки бирор вазият ҳақида тушунтириш берилиши лозим бўлса чақирилади. Ёки бўлмасам, судга судланувчи сифатида чақириляптими, терговга айбдор сифатидами — бу ҳолатда фуқаронинг мақоми муҳим рол ўйнайди.

Айтайлик, сиз органга гумонланувчи сифатида чақирилаётган бўлсангиз, сизда гапирмаслик ҳуқуқи бор, ўзингиз билан адвокат олиб боришга ҳақлисиз. Сиз ўзи нимада гумонланаётганингизни ҳам билмаслигингиз мумкин. Сизга гумонланувчи сифатида чақирилаётганингиз ҳақида хабар келди. “Мен нимада гумонланяпман?” деб сўрасангиз, “энди телефонда ҳаммасини айтмаймиз, келсангиз билиб оласиз, шунинг учун сизга очиқ-ойдин айтдим”, деса, бу хато.

Исталган чақирув қоғози ёки сўровда фуқаронинг мақоми кўрсатилиши керак. Шу вазиятда фуқаро “чақирувни қоғоз шаклида юбормагунингизча, бора олмайман” дейишга ҳаққингиз бор. Жиноят-процессуал кодекси ёки бошқа тегишли қонунларга кўра, фуқаро муайян бир идорага чақириляптими, ёзма шаклда чақирув хати юборилиши лозим.

“Тушунтириш, изоҳ бериб кетинг” дейдиган бўлса, қонунчилигимизда тушунтириш бериш учун мажбурият йўқ. Тушунтириш олмоқчи бўлаётган одам аслида сизнинг ёнингизга келиши керак. Масалан, киноларда ИИО ходими фалон жойга бориб, кимдандир тушунтириш сўраб, “нима бўлди” деб сўрайди-ку, шунга ўхшаб ҳаётда ҳам борилиши керак.

— Тушунарли. Телефонни текшириш масаласида қандай?

— Бугунги кунда телефон одамларнинг кўп сирларидан бохабар матоҳга айланиб қолди. Унинг ичида ҳам банк, оилавий сирларга оид, ҳам шаън ва қадр-қимматингизни камситувчи маълумотлар бўлиши мумкин. Шу сабаб ҳукумат қонунчиликларга ўзгартириш киритиб, суднинг ажрими бўлмагунча, фуқаронинг телефонини олишни имконсиз қилиб қўйди.

Яъни суднинг ажримисиз ҳеч ким телефонингиз паролини сўрай олмайди ёки кўздан кечиролмайди. Ҳатто суд ҳам “паролни очиб берасан” деб буйруқ бера олмайди. Суд бирор иш учун аҳамиятли бўлса, фақатгина телефонингизни олиб қўйишга ажрим чиқариши мумкин. Лекин ичини титкилаш, очиш бўйича бирор мажбурият қўя олмайди. Бунга мажбур эмассиз.

Аммо бу ерда ҳам бир эътиборли томони бор. Яъни телефоннинг ичидаги бирор маълумот керак бўлса, айнан ўша қисми учун очилиши мумкин. Бу қандай бўлади? Дейлик, бирор гувоҳ “мен фалончининг Телеграмъида шу маълумот борлигини биламан, кўргандим” деб гувоҳлик берса, тергов органи ёки муайян орган сизнинг телефонингизни олиб кўздан кечириш керак бўлади. Албатта, ўзингиздан сўраса бермайсиз. Бу бўйича барибир суднинг ажрими талаб қилинади.

Ажрим чиқарилгач, телефон очилиб, фақат Телеграмъдаги ўша юқорида айтилган маълумот бор қисми текширилади. Ҳамма жойини титкилаб ташлаш мумкин эмас. Бундай жойи йўқ. Бугунги кунда одамларимиз ҳуқуқий саводхонлиги етмаётганлиги учун телефонини ўзи очиб беряпти. Бундан фойдаланган орган вакиллари эса унинг ичидан хоҳлаган маълумотини оляпти, ўзига ишлатяпти. Ваҳоланки, фуқарода телефонини бермаслик ҳуқуқи бор.

Қачонки, тергов қарори чиқарилиб, прокурор судга илтимоснома киритади, суд ажрим чиқаради, шундан кейин телефонни олиш мумкин. Унгача телефонингизни ҳеч ким олишга ҳаққи йўқ. Токи ҳуқуқий саводхонлик бўлмас экан, буни талаб қилишга жасорат етишмайди. Яъни онг остида бундай хатти-ҳаракатларнинг нотўғрилигини барибир ҳис қилиб туриш керак.

Мабодо, телефонингизни мажбур олиб қўйишса, дарров бориб шикоят қилинг. “Менинг телефонимни фалончи ходим олиб қўйди, ҳозир унинг қўлида турибди” дейиш керак. Унинг учун далил бўлиши керак экан. Кўряпсизми, далил йиғмасангиз уни ҳам исботлаб бера олмайсиз. Шунинг учун далил билан ишлашни ўрганишимиз, ҳуқуқий саводхонлигимизни оширишимиз керак. Уларга ўзимизнинг ҳуқуқларимизни чиройли тушунтиришни ўрганишимиз лозим.

“Энди нима учун мен унга чиройли гапиришим керак, у менга қўпол гапирса” дейишингиз мумкин. Вазият шуни тақозо қиляпти-да. Орган ходимига қаттиқ гапирсангиз, чора кўришяпти. Айбсиз ҳолда айбдор бўлиб қолишяпти, ундан кўра, вазиятдан чиройлироқ чиқиш муҳим эмасми?! Ходимнинг қўполлигини муайян далиллар билан ўзининг ташкилотига ёки ички хавфсизлиги соҳаси билан шуғулланадиган органга кўрсатиб, талаб қилган маъқулроқ.

“Ҳақ олинур, берилмас” деб бекорга анча аввалроқ айтилмаган. Ҳеч ким ўзидан-ўзи сизга ҳаққингизни бермайди, сиз уни оласиз. Талаб қиласиз, судга, прокурорга борасиз, керак бўлса, қайта-қайта мурожаат қиласиз, йиллар давомида курашасиз, кейин иш ҳал бўлади. Бунга барибир ҳуқуқий саводхонлик билан эришилади. Бунга ҳам илм керак. деб алдаб қўл қўйдириб олган.

Ёки бўлмасам, профилактик суҳбатлар ёки кўрсатма бериш учун чақирувлар ҳақида гаплашсак. Борган жойингизда ходимдан суҳбатни аудио ёки видео шаклда ёзиб олишни сўрашингиз яхшироқ. Шундан кейин ходимнинг саволларига жавоб берилиши керак. Чунки шуниси фуқарога фойдалироқ. Ёки зарарга ҳам ишлаши мумкин. Яъни ҳар бир айтилаётган гапни текшириш имконияти пайдо бўлади. У рост ёки ёлғон эканини исботлаш осонроқ.

Шунинг учун аввало ўзимизга тўғри бўлайлик, шунда адашмаймиз. Агар нотўғри бўлсак, албатта, ёлғон гапиришга ҳаракат қиламиз. Юқоридаги каби суҳбатларда адвокат қатнашмаслиги ҳам мумкин, шу сабаб унинг ёзиб олинишини талаб қилиш ва тушунтириш хатида ҳам киритиб кетиш фойдали. Яъни сўроқ қилинувчининг ёки тушунтириш берувчининг илтимосига биноан суҳбатимиз аудио тасма ёки видеога ёзиб олинди деб киритиш керак. Майли, фуқаро айбдорми ёки йўқ, у — кейинги масала. Лекин шу жараёнда қилинган тазьиқнинг олдини олиш учун ҳам мазкур амалиёт муҳим.

— Шу ўринда вояга етмаган шахслар билан ишланиши ҳақида гаплашсак, улар билан қандай мулоқот қилиниши керак?

— Вояга етмаган шахслар ўз номи билан ҳали мукаммалликка етиб келмаган, ҳали у ёки бу муносабатни тўлиқ англай олмаганлиги учун улар билан ота-онаси ёки педагог иштирокида суҳбат олиб борилиши барча қонунчиликда белгилаб қўйилган. Буни барча ходимлар билади. Агар ходимлар буни билмаган тақдирида ҳам вояга етмаганлар билан уларнинг ота-онаси, васийси ёки бирор педагог иштирокисиз гаплашиш, улардан кўрсатма олиш мумкин эмас, олинганда ҳам у далил судда номақбул деб топилади.

— Тушунарли. Подкастнинг сўнггида асосий 3 та тавсиянгиз билан бўлиша оласизми?

— Аввало, биринчи маслаҳатим давлат идорасининг ходими билан жаҳлда гаплашмаслик кераклиги ҳақида бўлади. Тушунаман, реалда ҳар хил вазият бўлади, улар ҳаддидан ошади, амалиётда кўряпмиз. Лекин унинг одобсизлигига қарши одобсизлик билан жавоб беришингиз билан натижага эришиб бўлмайди. Буни тан олайлик. Яхшиси, биз оғирроқ бўлиб, жараённи далиллаб борайлик. Ижтимоий тармоқларда ҳам оғирроқ бўлиб, видео тасвирга олган фуқаролар ютиб чиқяпти, тармоққа юкланган видеони кўриб, одамларнинг ўзи ким хато қилаётганини билишяпти, фикр билдиришяпти. Яъни шунчаки ташлаш эмас, қўпол муносабатлар бошланса уни фиксация қилиш керак. Фиксация қилиб далил тўплаш лозим.

Иккинчидан, сизга тақдим қилинаётган ҳужжатларни ўқиб ўрганмасдан туриб қўл қўйманг. Учинчидан, орган ходими сиздан бирор бир иш қилишни талаб қиляптими, унга сиз йўқ дейишингиз қаршилик кўрсатаётганлик билан баҳоланаётган бўлса, демак, билингки, у сизга бўйсунмаслик ҳақида ҳужжат расмийлаштириш масаласини кўзда тутаётган бўлади. Ҳамма одам ўзига бўйсунишни хоҳлайди, ҳеч ким менга бўйсунмаса, майли, демайди.

Бу вазиятга келиб қолмаслик учун хушмуомала бўлиш ҳам зарар қилмайди. Ишингиз борми, тўхтанг, сўраяптими, аввал мақсади ва қайси қонунчилик асосида эканига тўхталиб, кейин жавоб беринг. Шахсингизга доир сирни сўраса, бунда қандай ҳаракатланиш лозимлигини юқорида тушунтирдик. Давлат ходимининг ғазабига қарши ғазаб билан жавоб берган одам барака топганини ҳали бирор марта кўрмадим.

Бизда азалдан ўз ҳуқуқини талаб қилган одамни “ўзингча ҳаққингни талаб қилиб қопсанми?” деган қараш билан кутиб олишади. Бу янгилик эмас.

— Тушунарли. Бугун яна бир муҳим мавзу ҳақида гаплашдик. Менимча, кўпчиликка фойдали бўлади. Жаҳонгир ака, келганингиз учун раҳмат яна бир бор.

— Таклиф қилганингиз учун раҳмат.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.