«Нима дард?» аслида кимнинг дарди? Журналистларсиз подкаст ҳақида
Китоб ўқимайдиган жамият, ваксинадан қўрқаётган ота-оналар, инсоннинг ўзини ўрганаётган сунъий интеллект ва ҳамон эски стандартлардан қутула олмаётган йўллар... Бу гал «Нима дард?»нинг аввалги тўрт сони томошабинларнинг фикрлари, эътирозлари ва таклифлари таҳлил қилинди.

«Нима дард?» аслида кимнинг дарди? Журналистларсиз подкаст ҳақида
«Нима дард?» подкастининг илк тўрт сонида турли мавзулар муҳокама қилинди. Бу гал эса меҳмон чақирилмади: Жамшид Муслимов ва Одилхон Алихонов ўзаро суҳбатда аввалги дастурларга қайтиб, улардан қандай хулосалар чиқаргани, томошабинларнинг эътирозлари ҳамда подкаст нега айнан шу шаклда яратилгани ҳақида сўз юритди.
«Нима дард?»нинг бешинчи сони одатдагидан бошқача бошланди. Бу сафар студияга мутахассис таклиф этилмади. Бошловчилар Жамшид Муслимов ва Одилхон Алихоновнинг ўзи суҳбат марказига чиқди.
Бунинг сабаби ҳам бор. Дастлабки сонлардан кейин томошабинлардан «журналист эмаслигингиз билиниб қолди», «адабий тилда гапиринглар», «русча сўзларни аралаштирманглар» мазмунидаги эътирозлар келиб тушган.
Бошловчилар эса ҳеч қачон журналист эканини даъво қилмаганини айтади. Одилхон Алихонов шифокор, Жамшид Муслимов эса молия ва иқтисодиёт соҳаси вакили. Уларнинг таъкидлашича, подкастнинг вазифаси профессионал журналистик интервюни такрорлаш эмас.
Мақсад — жамиятдаги муаммоларни ўзининг шахсий дардидек қабул қиладиган зиёли ва мутахассисларни топиш, уларнинг фикрини эшитиш, муаммони муҳокама қилиш ва имкон қадар ечим томон қараш.
Бошловчилар биринчи суҳбат — «Фаренгейт» нашриёти муҳаррири Хуршид Йўлдошев билан китоб ва китобхонлик ҳақидаги мулоқотга қайтди.
Ундаги бир воқеа Жамшид Муслимовнинг айниқса ёдида қолган. Китоб ярмаркасида бир бола ўзбек тилига таржима қилинган илмий-оммабоп физика китобини ёқтириб қолади. Аммо отаси унинг ўрнига арзонроқ эртак китобини олиб беради. Худди шу китобнинг рус тилидаги, ҳатто қимматроқ нусхаларини эса русийзабон ота-оналар харид қилаётгани айтилган эди.
Бу оддий китоб савдосидан каттароқ саволни юзага чиқаради: нега ўзбек тилидаги сифатли илмий-оммабоп адабиётга талаб кутилган даражада эмас?
Суҳбатда бунинг илдизлари таълим, ўқиш маданияти ва авлоддан авлодга ўтиб келаётган қарашларга бориб тақалиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирилди. Бошловчилар бу баҳсли мулоҳаза эканини алоҳида таъкидлаб, томошабинларни ҳам муҳокамага чорладı.

