Нилуфар Аллабергенова Яккасарой тумани ҳокими лавозимидан озод этилди
Нилуфар Аллабергенова Яккасарой ҳокими лавозимидан озод этилди. У туманни 2023-йилнинг октабридан буён бошқариб келаётганди ва пойтахт туманлари ҳокими лавозимидаги илк аёл бўлган. Газета маълумотларига кўра, унинг ўрнини Сергели ҳокимининг 39 ёшли биринчи ўринбосари Акмал Жумабоев эгаллаши мумкин.

Нилуфар Аллабергенова Яккасарой тумани ҳокими лавозимидан озод этилди
Нилуфар Аллабергенова бошқа ишга ўтиши сабабли Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокими лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда Газетаъга пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ҳозирча унинг лавозимдан озод этилишига нима сабаб бўлгани очиқланмаган.
Газета манбасига кўра, 15-октабр куни кечқурун Сергели тумани ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган Акмал Мурадович Жумабоев номзоди Яккасарой тумани ҳокими лавозимига кўриб чиқилади. Унинг номзоди халқ депутатлари туман кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим.
Нилуфар Анваровна Аллабергенова 2023-йил 9-октабрда Яккасарой тумани ҳокими этиб тайинланган эди.
У Тошкент туманларидан бирига ҳоким этиб тайинланган илк аёл бўлган.
Аллабергенова 1971-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995-йилда Тошкент давлат юридик институтини битирган.
Турли йилларда пойтахтнинг Яшнабод, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманлари прокурори ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Акмал Жумабоев 1987-йил 14-ноябрда Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. Тошкент автомобил йўллари институтини тамомлаган.
У аввал Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгашига раҳбарлик қилган, ташкилот Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, кейин эса раиси лавозимларида фаолият юритган.
2021-йил апрел ойида Сергели тумани ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланган ва ушбу лавозимда беш йилдан ортиқ ишлаган.
Шунингдек, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани халқ депутатлари кенгаши депутати бўлган.

