Нигерияда қуролланган шахслар одамларни ўғирлаб 5 млн доллардан ортиқ пул ишлади

Нигерияда қуролланган шахслар одамларни ўғирлаб 5 млн доллардан ортиқ пул ишлади
Реутерс агентлигининг СБМ Интеллигенсе хавфсизлик консалтинг компанияси маълумотларига таяниб хабар беришича, Нигерияда одам ўғрилари сўнгги бир йил ичида тинч аҳолини гаровга олиб, қарийб 5,8 миллион доллар тўлов ишлаб топган. Бу ҳақда 26-август куни маълум қилинди.
Компания ҳисоботига кўра, 2025-йил июлидан 2026-йил июнигача бўлган даврда 7825 киши ўғирланган. Бу 2024-йилга нисбатан 66 фоизга кўпдир. Шу даврда камида 1142 киши ўлдирилган. Тасдиқланган тўловлар суммаси уч баравардан ошиб, 7,78 миллиард найрага (5,79 миллион доллар) етган.
Ушбу рақамлар ОАВ хабарлари, интервюлар ва очиқ манбалар асосида тузилган. СБМ ҳақиқий рақамлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлади, чунки кўплаб тўловлар сир сақланади. Мамлакат шимоли-шарқидаги товон пулларининг 90 фоизини "Боко Ҳарам" гуруҳининг бир қисми йиғиб олган бўлса-да, энг кўп ҳодиса ва талафотлар шимоли-ғарбда қайд этилган.
Ҳозирда Нигерия президенти хавфсизлик кучларига ўтган ҳафтада Найжер штатида ўғирлаб кетилган 600 нафар тинч аҳолини қутқаришни буюрган. Президент маъмурияти ва ҳарбийлар ҳисобот бўйича изоҳ бермади.
Одам ўғирлаш Нигерияда жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Босқинчилар ва жангарилар мактаблар, қишлоқлар ва йўлларга ҳужум қилиб, тўлов олмагунча одамларни ҳафталаб ёки ойлаб ушлаб туради.
СБМ ҳисоб-китобларига кўра, "Боко Ҳарам" гуруҳи 7 миллиард найрага яқин пул олган. Бу маблағнинг асосий қисми ҳар бирида 300 дан ортиқ одам ўғирланган иккита йирик ҳужумдан тушган. Ноябр ойида Найжер штатидаги Папири мактабидан 315 нафар ўқувчи ва ходим ўғирланган эди.
"Папиридаги ҳужум билан мактабларни нишонга олиш яна авж олди. Бу таълим, қишлоқ хўжалиги ва халқнинг ишончига катта зарба бермоқда", дейилади ҳисоботда.
Хавфсизлик муаммоси 2027-йил январ ойида бўлиб ўтадиган сайловларда асосий мавзу бўлиши кутилмоқда. Уч йил аввал ҳокимиятга келган президент Бола Тинубу хавфсизликни таъминлашга ваъда берган эди. Бироқ таҳлилчиларнинг таъкидлашича, янги ҳужумлар тўлқини бу сиёсат кутилган натижани бермаганини кўрсатмоқда.

