Нигерия президенти масжиддан ўғирлаб кетилган юзлаб одамларни қутқариш бўйича топшириқ берди

Нигерия Президенти Бола Тинубу мамлакатнинг марказий қисмидаги Нигер штатида юзлаб одамлар ўғирлаб кетилганидан сўнг, уларни тезкорлик билан қутқариш бўйича операция бошлашни буюрди.
Бу ҳолат 21-август куни Нигер штатидаги масжидга қилинган ҳужумдан кейин юз берган. Қуролланган шахслар аввал Гидан-Зана ва Кпеня қишлоқларига ҳужум қилиб, сўнгра маҳаллий вақт билан соат 14:00 атрофида Декара туманидаги Кпеня масжидига бостириб кирган.
23-август куни ижтимоий тармоқларда ҳужум пайтида олиб кетилгани айтилган қарийб 600 нафар аёл, бола ва кекса одам акс этган видео тарқатилди. Реутерс бу рақамни мустақил тасдиқлай олмади. Маҳаллий расмийлардан бирининг хабар беришича, ҳужум вақтида 30 киши ҳалок бўлган.
Президент Тинубу хавфсизлик кучларига ўғирлаб кетилганларни қутқариш бўйича зудлик билан операция ўтказишни ва унинг бориши ҳақида мунтазам маълумот бериб боришни топширди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари эса бедарак йўқолганлар сонини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳужумдан сўнг камида 2 минг киши қўшни Бенин ҳудудига қочгани айтилмоқда.
Нигериянинг шимоли-ғарбий ва марказий ҳудудларида қуролли жиноий гуруҳлар томонидан одамларни тўлов эвазига ўғирлаш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

