Нигерия полицияси ноқонуний кончиликда гумонланиб ҳибсга олинган 37 кишининг ўлими бўйича тергов олиб бормоқда
Расмийлар ўлим ҳолатларини касаллик билан боғлашди, бироқ расмий тушунтириш разведка маълумотлари ва айбланувчиларнинг яқинлари томонидан шубҳа остига олинди.

Нигерия полицияси ноқонуний кончиликда гумонланиб ҳибсга олинган 37 кишининг ўлими юзасидан тергов бошлади
Нигерия шимоли-ғарбида ноқонуний кончиликда айбланиб ҳибсга олинган 37 киши ҳибсхонада вафот этди, деб хабар берди маҳаллий расмийлар.
Полиция ўлим ҳолатлари юзасидан тергов бошлади. Нигерия Хавфсизлик ва фуқаролик мудофааси корпуси (NSCDC) ушбу ўлимларга касаллик тарқалиши сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Бироқ, AFP ахборот агентлиги ихтиёридаги разведка ҳисоботида гуруҳ Нигериянинг Нигер штатидаги ҳибсхонада тирбандлик ва ҳаво етишмаслиги оқибатида вафот этгани кўрсатилган.
Штат губернатори Муҳаммад Умару Баго пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу ўлимларни "маҳзун ва фожиали" деб атади.
Баго, шунингдек, ўлим ҳолатларидан кейин NSCDC командири ҳибсга олинганини айтди.
У уч кунлик мотам эълон қилди ва январ ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган сайловларолди кампанияси бошланишини кечиктирди.
Мутасаддилар сешанба куни фойдали қазилмаларга бой Нигер штатининг Боргу шаҳри яқинида ноқонуний кончиликда гумон қилиб, бир гуруҳ ёш йигитларни ҳибсга олган эди. Бу ҳудуд кичик ҳажмдаги олтин қазиб олиш билан машҳур.
Икки кун ўтгач, ноқонуний фаолиятга алоқадорликда гумонланиб ушланган 37 киши NSCDC томонидан бошқариладиган ҳибсхонада ўлик ҳолда топилди.
NSCDC ҳибсга олинганлар ўлимга олиб келиши мумкин бўлган жиддий бактериал инфекция — дифтерия (бўғма) касаллиги қурбони бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди.
Бироқ, ҳалок бўлганларнинг яқинлари расмий талқинни рад этиб, улар қасддан ўлдирилганини даъво қилмоқда.
Нигер полицияси бошлиғи "NSCDC ҳибсхонасида ноқонуний кончиликда гумон қилинганларнинг фожиали ўлими" юзасидан зудлик билан тергов ўтказишга буйруқ берди, деди матбуот котиби Васиу Абиодун ўз баёнотида.
Қурбонларнинг жасадлари текширув учун яқин атрофдаги Минна шаҳридаги марказий шифохонага олиб борилган.
Расмийлар ва экспертларнинг фикрига кўра, Нигер штатидаги ноқонуний конлардан олтин қазиб олишга бўлган интилиш жиноий гуруҳлар томонидан зўравонликлар авж олишига замин яратган.
SwissAid ташкилотининг 2024 йилги ҳисоботида минтақадаги олтиннинг катта қисми глобал таъминот занжирлари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши аниқланган.

