Шимолий Корея Россия урушида жанг қилиш учун ўз аскарларини юборишда давом этади, бироқ бу фақат шундай қилиш фойдали бўлган муддатгача давом этади, деб ёзади Би-би-си мухбири Квентин Соммервилл.

Нима учун Шимолий Корея аскарларининг янги тўлқини Россиянинг Украинадаги урушида жанг қилиши мумкин
Дронлар ва автоматик қуролларга эътибор бермай, ўқ ёмғири остида катта гуруҳлар бўлиб жанг майдонига ёпирилиб келган рақиб. Таслим бўлишдан кўра ўз жонига қасд қилишни афзал кўрган арвоҳ-аскарларнинг элита бўлинмаси. Улар минглаб ҳалок бўлишди, кейин эса фронтдан ғойиб бўлгандек туюлди.
Шимолий Корея қўшинлари 2024 йил охирида Москва ҳудудида Украина ҳужумини қайтаришга уринаётган Россия кучлари билан бирга жанг қилиш учун Пхеньян томонидан юборилган эди. Бунинг бадали оғир бўлди — сафарбар этилган 13 000 аскардан 3 000 га яқини жангларда ҳалок бўлди.
Вақт ўтиши билан улар ўз тактикасини мослаштирдилар ва Россия билан биргаликда Украина кучларини Курск вилоятидан сиқиб чиқардилар. Ҳарбий нуқтаи назардан, ўшандан бери улар ҳақида деярли ҳеч нарса эшитилмади, аммо Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Шимолий Корея кучлари ва уларнинг қуроллари тез орада Россиянинг Украинадаги урушида яна кескин тарзда пайдо бўлади.
Ўтган ойда Зеленский Россияда 50 000 гача Шимолий Корея аскари жойлаштирилишини айтиб, аввалги 30 000 лик тахминни янгилади. У Жанубий Кореяни ўз мамлакатининг ҳаво ҳужумидан мудофаасига ёрдам беришга чақирди.
Аммо бундай катта йўқотишлардан кейин нима учун Шимолий Корея Россия учун жанг қилишга яна одам юборади ва дастлаб юборилган аскарлар тақдири нима бўлди?
«Улар ҳали ҳам ўша ерда», дейди Сеулдаги Асан сиёсий тадқиқотлар институти, Ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик маркази илмий ходими доктор Янг Ук. «Улар Украинанинг навбатдаги қарши ҳужумидан Россия ҳудудини ҳимоя қилмоқда. Ва биз баъзи муҳандислик корпуслари ёки ишчилар [Россия томонидан босиб олинган] Донбасс ҳудудида бўлиши мумкин деб ҳисоблаймиз, аммо булар жанговар қўшинлар эмас».
Зеленский Россияда 50 000 гача Шимолий Корея қўшинлари жойлаштирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ҲУР) маълумотларига кўра, Россия ҳудудида ҳали ҳам 8 500 нафар Шимолий Корея ҳарбий хизматчиси бор. Улар тўртта бригадага бўлинган бўлиб, «Шимол» қўшинлар гуруҳи таркибида ҳаракат қилмоқда ва Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги давлат чегарасини Украина бостириб киришидан қўриқлаш вазифасини бажармоқда.
«Улар фаол жанговар ҳаракатларда қатнашмаяпти. Корея халқ армияси бўлинмалари Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида кузатилмаган», — дейилади ҲУРнинг BBC'га берган баёнотида.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин учун Курскка қўшин юбориш таваккалчилик эди, бу унинг мамлакати хорижга юборган энг йирик жанговар куч бўлди. (1973 йилда Шимолий Корея Исроил билан Қиёмат куни уруши пайтида Мисрга 1 500 ҳарбий хизматчи ва йўриқчи юборган, 1960-йилларнинг охирида эса тахминан 87 нафар Шимолий Корея учувчиси Шимолий Вьетнам томонида АҚШ кучларига қарши жанг қилган).
Ва қон тўкилишига қарамай, бу таваккалчилик ўз самарасини берди, яккаланиб қолган ва қашшоқлашган мамлакатга катта фойда келтирди ва унинг иқтисодий ҳамда ҳарбий мавқеини қайта шакллантирди. Бу, шунингдек, янада яқинроқ ҳарбий ҳамкорлик учун намуна бўлиши мумкин.
Шимолий кореяликлар «энди замонавий жанг нима эканлигини билишади», деди Янг.
Россияга юборилган қўшинлар Шимолий Корея қуролли кучларининг элитаси бўлган «Бўрон корпуси»дан эди. Шимолий Корея — кучли мафкуравий тарғиботга эга, яккаланган, тоталитар, ҳаддан ташқари ҳарбийлашган давлат.
Аввалига на Россия, на Шимолий Корея уларнинг у ерда эканлигини тан олди. Украина кучлари улар билан илк бор 2024 йилнинг ноябрида тўқнаш келишди ва биринчи тирик Шимолий Корея ҳарбий асирлари фақат кейинги йилнинг январида қўлга олинди.
Россия уларнинг ролини фақат 2025 йилнинг апрелида, Россия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов уларнинг жанг майдонидаги «қаҳрамонлигини» олқишлаганидагина тан олди.
Ким Чен Ин учун Шимолий Корея қўшинларини Курскка юбориш таваккалчилик эди. Бу Шимолий Корея хорижга юборган энг йирик жанговар куч бўлди
Янг шундай деди: «Шимолий Корея аскарлари жуда жасур, айниқса «Бўрон корпуси» аскарлари. Улар ўз ватанлари учун ўлишга тайёр. Аммо муаммо шундаки, шижоат самарали жанговар маҳоратни англатмайди... [Улар] Курск кампаниясининг дастлабки босқичида кўп қон йўқотишди, аммо замонавий дрон урушидан сабоқ олишди».
Украинанинг 95-алоҳида десант-ҳужум бригадаси аскари «Султон» Шимолий Корея қўшинларини «тўп еми» деб таърифлади. У улар билан 2024 йил охирида Курск учун бўлган жангда тўқнаш келган.
«Улар битта катта ҳужум гуруҳи билан бошлашарди, кейин худди шу позицияга яна 15–20 киши юбориларди, ундан кейин эса яна кўпроқ. Шимолий кореяликлар бошқача ҳаракат қилишди. Улар доимо ҳаракатда бўлишди. Бу уларга маълум бир устунлик берди, лекин ҳал қилувчи эмас», — деб эслади у яқинда Киевда.
Унинг сўзларига кўра, уларнинг россиялик иттифоқчилари билан алоқаси ёмон бўлган ва жиҳозлари етарли бўлмаган.
Жанглардан сўнг Султон ва унинг одамлари ҳужжатлар ва разведка маълумотларини топиш учун душман жасадларини тинтув қилишган. Россиялик ҳалок бўлганларнинг ёнидан шахсий буюмлар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва жиҳозлар топилган. «Аммо биз айнан шимолий кореяликларни тинтув қилганимизда, уларнинг ёнидан топган ягона нарсамиз шунчаки ўқ-дорилар бўлди. Биз мутлақо барча кичик чўнтакларни текширдик — ҳеч қандай ҳужжат, умуман ҳеч нарса йўқ эди», — деб тушунтирди у.
Бошқа украиналик аскарларнинг айтишича, шимолий кореяликларда совут (бронежилет), қишки кийим ва каскалар етишмаган.
Украина ҳужуми тасвирланган даҳшатли видеолардан бирида ярадор Шимолий Корея аскари ўрмонли ҳудудда қор устида юзтубан ётибди. Украиналиклар яқинлашганда, у ўзининг сўнгги сўзларида ўз раҳбари Ким Чен Иннинг исмини айтиб бақиради ва ияги остида граната портлатиб, ўзини ўлдиради.
2025 йил апрель ойида Пхеньянда янги ташкил этилган Хорижий ҳарбий операциялар музейида бўлиб ўтган хотира маросимида Ким асирликдан кўра ўз жонига қасд қилишни афзал кўрган қаҳрамонларни олқишлади.
Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов иштирокида яқинларига қилган нутқида у уларни «буюк шарафни ҳимоя қилиш учун иккиланмасдан ўзини портлатиш, худкушлик ҳужумини танлаган қаҳрамонлар» деб атади.
Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов иштирокида аскарларнинг яқинлари билан гаплашар экан, Ким уларни жангда ўзларини қурбон қилишни танлаган «қаҳрамонлар» деб таърифлади
Шимолий Корея Курск операциясида ҳалок бўлганлар сонини ҳеч қачон расман тасдиқламаган, аммо BBC Korea нашрининг хотира мажмуаси таҳлилига кўра, Россия учун жангда 2 300 аскар ҳалок бўлган.
Украина разведка хизмати — ҲУР эса ҳалок бўлганлар сонини 3 000 нафар, ярадорларни эса 1 500 нафар деб баҳоламоқда.
Жанговар тажрибадан ташқари, нима учун Шимолий Корея бегона урушда ўзининг энг яхши қўшинларини қурбон қилди?
Сеулдаги Миллий хавфсизлик стратегияси институти катта илмий ходими Лим Су Хонинг сўзларига кўра, қўшинларнинг жойлаштирилиши мамлакатга жуда зарур бўлган иқтисодий туртки ва геосиёсий фойда келтирди.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Россияга қурол сотиш ва қўшинларни жойлаштириш қашшоқлашган мамлакатга қарийб 10 миллиард доллар даромад келтирган.
«Шимолий Кореянинг йиллик ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) тахминан 30 миллиард долларни ташкил этади», деди у менга. «Бу шуни англатадики, улар икки ярим йил давомида қурол экспорти ва қўшинларни жойлаштириш орқали йиллик ЯИМнинг учдан бир қисмини ишлаб олишди, бу Шимолий Корея каби кичик иқтисодиёт учун жуда сезиларли самарадир».
Инсон кучи эвазига Шимолий Корея озиқ-овқат, нефть ва нақд хорижий валюта олади. Хитой Пхеньянга қарши санкцияларга риоя қилишини айтади, аммо Россия бундай қилмайди.
Худди шундай муҳим жиҳати, Россия билан ҳамкорлик Шимолий Кореянинг Хитойга бўлган узоқ муддатли қарамлигини камайтирди.
Шундай қилиб, ўтган йилнинг сентябрь ойида Пекинда Ким Чен Ин Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин билан уч раҳбарнинг илк оммавий учрашувида елкама-елка тура олди. Тўлиқ тенг ҳуқуқли бўлмаса-да, лекин энди фақат Хитойга қарам эмас.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ким Чен Ин Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин билан уч раҳбарнинг илк оммавий учрашувида бирга бўлди
Бу муҳим, деди Лим: «Бу катта геосиёсий ўзгаришдир».
«Яккаланиш шароитида вазият қийинлашганда, Шимолий Корея муносабатларни нормаллаштиришга ҳаракат қилиш учун биринчи навбатда Жанубий Корея, Япония ёки айниқса АҚШга мурожаат қиларди, бу Корея ярим ороли дипломатиясининг анъанавий усули эди. Аммо ҳозир Россия билан алоқалар мустаҳкамлангач, Ким Чен Ин дунё янги Совуқ уруш, кўп қутбли тизимда эканлигини даъво қилмоқда».
Россия билан иқтисодий ва ҳарбий зарурат сифатида бошланган нарса янада чуқурроқ ва узоқ муддатли нарсага айланаётгандек туюлади. Корея Меҳнат партиясининг бу йилги 9-қурултойида Ким Чен Ин ўзини жуда ишончли тутди ва бобоси Ким Ир Сен ҳамда отаси Ким Чен Ир ҳеч қачон эриша олмаган ютуқлар ҳақида гапирди.
Аммо хавфлар сақланиб қолмоқда. Ҳозиргача ҳеч бир шимолий кореялик Украина ёки Россия томонидан босиб олинган Украина ерларида жанг қилмаган. Агар улар шундай қилишса, бу дипломатик оқибатларга олиб келади, айниқса Украинанинг иттифоқчиси бўлган, аммо ҳозиргача фақат «ўлимга олиб келмайдиган» ёрдам кўрсатган Жанубий Кореяда.
Президент Зеленский Сеулни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўз ичига олган илғор ҳарбий техника етказиб беришга ундар экан, буни алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, июнь ойидан бери Россиянинг Воронеж вилоятида Шимолий Кореянинг янги кучларини қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда ва Пхеньян Россияга кўпроқ баллистик қуроллар юборишга тайёрланаётганини даъво қилди.
«Россия Шимолий Кореяга замонавий урушни ўрганишга, қуролларини такомиллаштиришга ва ҳақиқий жанговар тажриба орттиришга ёрдам бермоқда. Бу Шимолий Корея ракеталари етиб борадиган Осиёдаги ҳар бир давлат учун хавф туғдиради», — деди у июль ойидаги президентлик мурожаатида.
Украина кучлари билан жангларда Шимолий Кореянинг фақат икки аскари тириклайин асирга олинди. Курск кампаниясида 11 000 дан 14 000 гача аскар жанг қилганини ҳисобга олсак, бу ҳайратланарли даражада кичик кўрсаткичдир. (Жанубий Корея Миллий разведка хизмати маълумотларига кўра, яна бир аскар тириклайин асирга олинган, бироқ олган жароҳатлари туфайли вафот этган).
Украина кучлари томонидан Шимолий Кореянинг фақат икки аскари тириклайин асирга олинган
Асирликдан кўра ўз жонига қасд қилишни афзал кўрган сафдошлари каби, бу икки киши ҳам тириклайин таслим бўлишни истамаган.
«Чосон (Шимолий Корея) аскарлари учун ҳарбий асир бўлишнинг ўзи жиноятдир. Бу шунчаки вариант эмас. Биз ҳарбий асир бўла олмаймиз», — деди асирга олинганлардан бири Украинадаги қамоқхонада ундан интервью олган Жанубий Кореянинг MBC ҳужжатли фильм суратга олиш гуруҳига.
Пэк Пён Ганг (ҳақиқий исми эмас) асирга олинишидан олдин тўрт кун давомида дрон зарбасидан ярадор бўлиб ётган. У украиналик аскарларни россиялик иттифоқчилари деб ўйлаб, адашиб таслим бўлган.
Иккинчи маҳбус Ли Канг Ин (бу ҳам тахаллус) журналист Ким Ёнг Мига ҳали ҳам тирик эканлигидан ўзини айбдор ҳис қилаётганини айтди. У деярли ҳушсиз ҳолатда, қўли ва жағидан оғир жароҳат олган ҳолда украиналик аскарлар томонидан жанг майдонидан топилган.
«Ўзимни портлатиш (ҳаётимга чек қўйиш) учун ёнимда на граната, на пичоқ бор эди», — деб тушунтирди у.
Унинг сўзларига кўра, уруш бошида унинг ўнлаб сафдошлари дронлар томонидан ўлдирилган. Жанг майдонидан «қон ҳиди анқиб турарди», деди у.
Иккала киши ҳам Шимолий Кореяга қайтишни истамайди. Ли асирга тушгани учун жазо сифатида оиласи «йўқ қилиб юборилишига» ишонишини айтди. Иккаласи ҳам Жанубий Кореяга боришни хоҳлашларини билдиришган ва Сеул уларни қабул қилишга тайёр.
Тириклайин асирга олинган Шимолий Корея аскарларидан бири уйига қайтишни истамаслигини, чунки асирга тушгани учун жазо сифатида оиласи «йўқ қилиб юборилишига» ишонишини айтди
Пхеньян эмас, фақат Россия уларни қайтаришни талаб қилган.
Аммо ҳарбий ёрдам олиш учун Сеулга босим ўтказишда давом этаётган Украина уларни Жанубий Корея расмийларига топширишга рози бўлмади. Киев ҳарбий асирларни мажбуран ватанига қайтаришни тақиқловчи халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларини ҳурмат қилишини айтмоқда.
Уларнинг тақдири ҳали ҳам ҳал бўлмаган, аммо аниқ кўриниб турган нарса шундаки, кўпроқ Шимолий Корея аскарлари Россия урушига қўшилади. Уларнинг хизмати Пхеньян учун улкан иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга; Россия ҳам уларга жуда муҳтож.
Москванинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганига тўрт ярим йил бўлган бир пайтда, у жиддий ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда. Ғарб ва Украина разведка идораларининг ҳисоб-китобларига кўра, у ҳар ой ёллаши мумкин бўлган аскарлардан кўра тахминан 6 000 га кўпроқ аскар йўқотмоқда. Шу сабабли Москва ўз сафларини тўлдириш учун Колумбия, Кения, Камерун ва Шимолий Кореядан келган хорижлик жангчиларга мурожаат қилди.
Россия ва Шимолий Корея учун бу ўзаро манфаатли муносабатлар, маълум бир бадал эвазига қурилган коалициядир. Охир-оқибат, Шимолий Корея ўз аскарларини Россия урушида жанг қилиш учун юборишда давом этади, аммо бу фақат фойдали бўлиб қолгунча давом этади.

