Нетаньяху БМТдаги нутқида Исроил армиясининг Яқин Шарқдаги ҳаракатларини ҳимоя қилди
У минбарга чиққанида ўнлаб делегатлар норозилик сифатида зални тарк этишди, Исроил етакчиси эса уларни "маънавий қўрқоқлар" деб атади.

Нетаньяху БМТдаги нутқида Исроилнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларини ҳимоя қилди
Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида мамлакатининг Эрон, Ғазо ва Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларидаги ҳарбий амалиётларини қатъий ҳимоя қилди.
У залга кириб келаётганда ўнлаб делегатлар норозилик сифатида чиқиб кетганидан сўнг, Нетаньяху Исроил курашни давом эттиришини айтди: "Биз ғалаба қозонамиз. Бизда бошқа чора йўқ".
Зални тарк этганларга муносабат билдирар экан, у шундай қўшимча қилди: "Агар зални тарк этмаган бошқа маънавий қўрқоқлар бўлса, илтимос, ҳозироқ чиқиб кетинг".
Исроил раҳбари, шунингдек, Исроил Ғазода геноцид амалга ошираётгани ҳақидаги даъволарни рад этди.
Куннинг бошида Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос БМТга йўллаган видеомурожаатида Исроил сиёсати — айниқса, босиб олинган Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида яҳудий аҳоли пунктларининг ноқонуний кенгайтирилиши — "фаластинликларнинг ўз ватанидаги ҳаёти ва мавжудлигига" хавф солаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, бу Исроил ва Фаластин ўртасидаги тинчлик учун халқаро миқёсда қўллаб-қувватланадиган икки давлат тамойилига асосланган ечимга ҳам путур етказади.
Аббоснинг таъкидлашича, фаластинликлар Ғазода Исроил ҳарбийлари томонидан амалга оширилаётган "қотиллик, вайронагарчилик, очлик ва кўчиришга уринишлар, шунингдек, геноцид уруши"га дуч келмоқда.
Фаластин раҳбари АҚШга кириш визаси берилмагани сабабли йиллик йиғилишда видеоалоқа орқали нутқ сўзлади.
Уруш жиноятларида айбланиб, Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олишга ордер берилган Нетаньяху ўзини танқид қилган давлатлар ва раҳбарларга кескин ҳужум қилди.
"Улар Исроилни, митти Исроилни колониализмда айблашмоқда — қанақадир колониализм. Бизни ким айбламоқда? Улар орасида Буюк Британия ва Франция вакиллари бор. Худо ҳаққи, бу атамани уларнинг ўзлари ўйлаб топган-ку", деди у.
У, шунингдек, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғанни Фаластиннинг Ҳамас қуролли гуруҳини қўллаб-қувватлашда айблаб, "тиран" деб атади.
Эрдўған сешанба куни БМТда сўзлаган нутқида Ғазо ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги одамлар дуч келаётган адолатсизликлар "инсоният виждонини қаттиқ яралашини" айтган эди.
Нью-Йорк шаҳрининг чап қанот мэри Зоҳран Мамдани ҳам Исроил раҳбарининг ҳужумига учради — у аввалроқ Нетаньяхуни ҳибсга олишга ваъда берган, бироқ кейинчалик бунга ваколати йўқлигини айтган эди.
"Сиз ушбу шаҳар мэри этиб сайланганингиздан бери кўплаб яҳудийлар Нью-Йоркда ўзларини хавфсиз ҳис қилмаяпти", деди Исроил бош вазири.
Мамдани идораси берган баёнотда Нетаньяху "ўз нутқидан фаластинликларга қарши геноцидини оқлашга қаратилган асоссиз ёлғонларни такрорлаш учун фойдалангани" айтилди.
Нетаньяху, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трампга "жасур раҳбарлиги" учун миннатдорчилик билдирди ва февраль ойида АҚШ ва Исроил Теҳронга қарши биргаликда амалга оширган ҳаво ҳужумларини тилга олди.
"Исроил ва Америка нафақат ўзимизни ҳимоя қилиш, балки цивилизацияни сақлаб қолиш учун ҳам биргаликда ҳаракат қилди", деди у.
Нью-Йоркда Нетаньяхунинг ташрифига норозилик билдирган бир неча киши ҳибсга олинди. Улар орасида Оскар мукофоти совриндори, актриса Сьюзан Сарандон ва Эмми мукофоти совриндори, актриса Ханна Эйнбиндер ҳам бор эди.
Исроил ҳарбийлари 2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг Исроилга қилган ҳужумидан кейин Ғазо секторида қуруқликдаги операцияни бошлаган эди. Ўша ҳужумда 1200 га яқин одам ҳалок бўлган ва 251 киши гаровга олинган эди.
Исроил ҳарбий кампанияси давомида Ғазода 73 920 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, деб хабар беради ҳудуддаги Ҳамас назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Ўтган йили геноцид бўйича дунёнинг етакчи олимлари уюшмаси Исроил Ғазода геноцид содир этаётганини маълум қилган эди.
Геноцид тадқиқотчилари халқаро уюшмаси (IAGS) томонидан қабул қилинган резолюцияда Исроилнинг хатти-ҳаракатлари БМТнинг геноцид тўғрисидаги конвенциясида белгиланган ҳуқуқий таърифга мос келиши айтилган.
Исроил Ғазодаги ҳаракатлари геноцид эканлигини бир неча бор рад этиб, уларни ўзини ҳимоя қилиш сифатида оқлаб келади.
28 февраль куни Исроил ва АҚШ Эронни яширинча ядровий қурол ишлаб чиқишда гумон қилиб, унга қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумларини бошлади — Теҳрон бу даъвони рад этмоқда.
Эрон бунга жавобан Исроилга ва АҚШ ҳарбий базалари жойлашган қўшни Форс кўрфази араб давлатларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилди.

