Непалдаги даҳшатли сув тошқинида 100 га яқин киши ҳалок бўлди
Непалда, Тибет билан чегара яқинида юз берган сув тошқини оқибатида камида 95 киши ҳалок бўлди. Юзлаб одам, жумладан, 291 нафар хорижий сайёҳ бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Тошқин Хитой назоратидаги Тибетда ҳам вайронагарчиликларга олиб келди.

Непалда юз берган даҳшатли сув тошқини оқибатида қарийб 100 киши ҳаётдан кўз юмди.
ББС хабарига кўра, 26-август куни сув тошқини содир бўлган ҳудудда бўлган камида 384 нафар сайёҳ билан алоқа узилган. Уларнинг 291 нафари хорижликлар бўлиб, улар орасида юздан ортиқ Ҳиндистон фуқароси, 17 нафар Малайзия фуқароси ва 12 нафар Буюк Британия фуқароси бор.
Непал ташқи ишлар вазири Шишир Ханалнинг дастлабки маълумотларига кўра, кутилмаган сув тошқинига кўчки сабаб бўлган. Бу кўчки эса чоршанба куни эрталаб, маҳаллий вақт билан тахминан соат 8:37 да содир бўлган зилзила туфайли юзага келган.
Германиядаги геология фанлари тадқиқот маркази бўлган Поцдамдаги Гелмголс маркази чоршанба куни эрталаб Непалда 4,4 магнитудали зилзилани қайд этган.
Катмандудаги Тоғли ҳудудларни комплекс ривожлантириш халқаро маркази ходими Сянгун Чжан ва бошқа олимларнинг фикрича, сув тошқинига Непал томонидаги Лхенде-Кхола дарёсига қор кўчкисининг тушиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Непал ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, вайронагарчиликлар нафақат Непалда, балки Хитойда ҳам кузатилмоқда ва ҳар икки давлат ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда. Ҳозирда 70 дан ортиқ ҳарбий ва полициячи, шунингдек, божхона ва чегара назорати ходимлари бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

