Непал ва Тибетдаги тошқинлар: 3 мингдан ортиқ инсон бедарак йўқолган
Ҳалокатли тошқинлардан кейин непаллик қутқарувчилар ҳозиргача 734 кишининг жасади топди. Шунингдек, Непалда 2 498 киши бедарак йўқолган, улар орасида ГЕС туннелларида қамалиб қолган юздан ортиқ ищилар ҳам бор. Тибетда ҳам юзлаб инсонлар бедарак кетган.

Непал ва Тибетда юз берган сув тошқинлари ва кўчкилар натижасида 3 мингдан зиёд инсон бедарак йўқолган.
Хитой ҳукумати Ҳимолай минтақасида содир бўлган кўчки ва сув тошқинларидан сўнг Тибет ҳудудида 23 давлатга мансуб 261 нафар чет эл фуқароси бедарак йўқолганини эълон қилди. Тибетнинг ўзида эса қурбонлар сони 16 нафарга етган.
Хитойнинг Тибет автоном вилояти расмийларининг маълумотларига кўра, бедарак йўқолган хорижликлар орасида энг кўп – 104 нафари Непал фуқаролари. Шунингдек, Ҳиндистоннинг 49 нафар, Латвиянинг 33 нафар, АҚШнинг 18 нафар фуқароси ва 15 нафар британияликлар ҳам бедарак йўқолганлар рўйхатида бор. Пекин ҳукумати бу ҳолат ҳақида хорижий дипломатик ваколатхоналарни хабардор қилган.
Чоршанба куни музликнинг қулашидан бери Хитой томони илк бор бедарак йўқолганларнинг фуқаролиги бўйича батафсил маълумот берди. Шанба оқшомига келиб Гьиронг округида 16 киши ҳалок бўлган ва жами 546 киши бедарак йўқолган.
Непалда эса қурбонлар сони ортиб бормоқда. Непал фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълумотларига кўра, чегаранинг уларга тегишли қисмида камида 734 кишининг жасади топилган. Шунингдек, 2 498 киши бедарак йўқолган бўлиб, уларни қидириш ишлари учун қарийб 20 минг нафар қутқарувчи ва ҳарбийлар сафарбар этилган. Бугунги кунгача 7 514 киши қутқарилгани айтилмоқда.
Реутерс агентлигининг хабар беришича, Непал умумий қутқарув ишлари учун хорижий ёрдамга эҳтиёж йўқлигини билдирмоқда. Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лок Баҳодур Чхетри мамлакат туннеллар ичидаги қутқарув ишлари, жасадларни сақлаш учун музлаткичли камералар ва ДНК тестлари ўтказиш каби йўналишларда ёрдамга муҳтож эканини таъкидлаган.

