NeMolchi.uz лойиҳаси НеУят26 кўргазмаси учун аризалар қабулини бошлади
NeMolchi.uz лойиҳаси зўравонликни енгиб ўтиш, уят ва оғриқни енгиш ҳамда ички эркинликка эришиш мавзуларига бағишланган #НеУят26 кўргазмасида иштирок этиш учун 30-августгача аризаларни қабул қилмоқда. Бу йилги кўргазма Ўзбекистоннинг бешта ҳудуди бўйлаб намойиш этилади.

Ўзбекистондаги NeMolchi.uz лойиҳаси аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашга бағишланган #НеУят26 кўргазмасига иштирокчилар қабулини бошлади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, кўргазма номи зўравонликка дучор бўлган ҳар бир аёл ва қизга "Бу уят эмас!" деган асосий хабарни етказишни мақсад қилган.
Ариза эълонида шундай дейилади: "Биз зўравонликни енгиб ўтиш, уят ва оғриқ билан ишлаш, ички эркинликка эришиш ҳамда тикланиш мавзуларини ёритиб берадиган ишларни қидирмоқдамиз. Аёл рассомлар, иллюстраторлар, фотографлар, инсталляция муаллифлари ва замонавий санъат амалиётлари тадқиқотчиларини таклиф этамиз. Агар сиз учун санъат орқали шахсий, ижтимоий ва тақиқланган мавзулар ҳақида гапириш муҳим бўлса — бу макон сиз учун."
Қайд этилишича, НеУят — хавфсиз мулоқот, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва узоқ вақт давомида кўринмас бўлиб келган тажрибани қайта англаш макони.
"Бу йил кўргазма катта ҳаракатнинг бир қисмига айланади. Лойиҳа Ўзбекистоннинг бешта вилояти бўйлаб саёҳатга чиқади: Нукусдан бошланиб бутун мамлакат бўйлаб Фарғона водийсигача," — дейди ташкилотчилар.
Кўргазмада иштирок этиш учун Ўзбекистонда ижод қилаётган 18 ёшдан ошган (юқори ёш чегараси йўқ) аёл рассомлар, иллюстраторлар, фотографлар, инсталляция муаллифлари ва замонавий санъат амалиётлари тадқиқотчилари таклиф этилмоқда.
Иштирок этиш истагида бўлганлар 30-августга қадар электрон шаклда ариза топширишлари мумкин (ҳавола).
Саралаш натижалари 2-сентабр куни эълон қилинади, тайёр ишларни топширишнинг сўнгги муддати эса 1-октабр этиб белгиланган.
Швейсариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида амалга оширилаётган мазкур кўргазманинг ўзи 2026-йил 4-октабрдан 27-декабргача давом этади.
Олдинги йилларда НеУят кўргазмалари қандай ташкил этилгани билан ўхшаш хабарларда танишиш мумкин.

