Нега ёш аёллар ўртасида юрак хасталиклари кўпаймоқда? Шифокорлар огоҳлантиради

**Нега ёш аёллар орасида юрак касалликлари кўпаймоқда? Шифокорлар огоҳлантиради**
Сўнгги пайтларда дунё бўйлаб ёш аёллар орасида юрак хасталикларига чалиниш ва ҳатто улардан вафот этиш ҳолатлари сезиларли даражада ошиб бормоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 2050-йилга келиб 20 ёшдан 44 ёшгача бўлган аёлларнинг қарийб учдан бир қисми юрак касалликларидан азият чекиши мумкин. Энг ташвишлиси, 55 ёшгача бўлган аёлларда юрак хуружидан ўлим хавфи эркакларникига нисбатан анча юқори.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, юрак касаллиги фақат эркакларга хос деган тушунча мутлақо нотўғри. Бироқ, оддий қоидаларга риоя қилиш орқали бу хавфнинг олдини олиш мумкин.
Касалликнинг ёшариб боришининг асосий сабабларидан бири – семизлик, юқори қон босими ва қандли диабетнинг ёшлар орасида кенг тарқалганлигидир. Бу муаммолар барчага тааллуқли бўлса-да, аёллар организмига салбийроқ таъсир кўрсатади. Масалан, қандли диабети бор аёлларда юрак касаллиги хавфи эркакларникига қараганда анча юқори, тамаки чекиш ҳам аёл кишининг юрагини тезроқ ишдан чиқаради.
Шунингдек, ёш аёлларда қон босими кўп ҳолларда ўз вақтида текширилмайди ва нотўғри даволанади. Ваҳоланки, аёлларда юрак хуружи хавфи анча паст қон босими кўрсаткичларидаёқ бошланиши мумкин.
Шифокорлар ҳар бир аёлга ўз кўрсаткичларини назорат қилиб боришни ва қуйидаги кўрсаткичларнинг меъёрда эканлигини текшириб туришни тавсия этади:
* **Қон босими:** 120/80 мм симоб устунидан паст бўлиши;
* **"Ёмон" холестерин (ПЗЛ):** 100 мг/дЛ дан паст бўлиши;
* **Вазн индекси (ТВИ):** 25 дан паст бўлиши;
* **Қондаги глюкоза (А1С):** 5,6 фоиз ёки ундан паст бўлиши.
Агар бу рақамлар меъёрда бўлмаса, ҳаёт тарзини ўзгартириш, яъни парҳез қилиш, чекишни ташлаш, алкоголни чеклаш ва спорт билан шуғулланиш шарт.
**Яширин хавф: фақат аёлларга хос сабаблар**
Юрак касаллигини келтириб чиқарадиган фақат аёлларга хос сабаблар ҳам мавжуд. Буларга 40 ёшгача бўлган эрта менопауза, тухумдонлар поликистози, ҳомиладорлик пайтидаги қандли диабет ёки қон босими ошиши, шунингдек, ревматизм каби аутоиммун касалликлар киради. Бу ҳолатлар келажакда юракда муаммо пайдо бўлишидан огоҳлантирувчи жиддий сигналдир.
20, 30 ва 40 ёшдаги аёллар мунтазам шифокор кўригидан ўтмайди, уларнинг кўпи фақат гинеколог қабулига боради, холос. Шифокорлар эса айнан шу ёшда терапевт кўригидан ўтиб туришни маслаҳат беришади. Чунки менопаузадан кейин аёлларда юрак хасталиги хавфи кескин ошиб кетади ва унгача бўлган даврда юракни бақувват қилиб олиш керак.
Мунтазам қон таҳлилларидан ташқари, шифокорлар яна бир нечта муҳим текширувларни тавсия қилишади:
* **Юрак компютер томографияси (САС):** Юрак томирларининг тўсилиб қолиши жуда секин ва яширин кечади. Бу таҳлил касаллик белгилари пайдо бўлмасдан туриб, яширин жараённи эрта аниқлаш ва инфарктнинг олдини олишга ёрдам беради.
* **Липопротеин(а) таҳлили:** Холестериннинг бир тури бўлиб, ҳаётда бир марта текширилса кифоя. Фақат менопаузадан кейин бу кўрсаткич ўзгариши мумкин, шунинг учун аёллар уни қайтадан текширтирганлари маъқул.
* **С-реактив оқсил таҳлили:** Қондаги яллиғланишни кўрсатади ва юрак хавфини олдиндан билишга ёрдам беради.

