«Навоийуран» ярим йиллик тушуми ва соф фойдасини икки бараварга оширди
«Навоиюран» ДК тушуми 2026 йилнинг биринчи ярмида 109,2% га ошиб, 795 млн долларни, соф фойда эса 132% га ошиб, 348 млн долларни ташкил этди.

«Навоийуран» ярим йилда тушум ва соф фойдани икки бараварга оширди
«Навоийуран» давлат корхонаси 2026 йилнинг биринчи ярмида тушумни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 109,2 фоизга ошириб, 795 млн АҚШ долларига етказди. Соф фойда 132 фоизга ошиб, 348 млн долларни ташкил этди.
Компания томонидан маълум қилинишича, бундай натижаларга табиий уранни сотиш ҳажмининг ошиши ва ўртача сотув нархининг кўтарилиши ҳисобига эришилди. Ўртача сотув нархи бир фунт U3O8 учун 68,71 доллардан 86,06 долларгача, яъни 25 фоизга ошди. Bir йил аввал олти ойлик тушум 380 млн долларни, соф фойда эса 150 млн долларни ташкил этган эди.
Январь–июнь ойларида ялпи фойда 93,2 фоизга ошиб, 219 млн доллардан 423 млн долларгача, операцион фойда эса 118,3 фоизга ошиб, 186 млн доллардан 406 млн долларгача етди. EBITDA 113,8 фоизга ошди ва 2025 йилнинг биринчи ярим йилидаги 223,2 млн долларга нисбатан 477,2 млн долларни ташкил этди. EBITDA бўйича рентабеллик 2,7 фоизли пунктга — 56,5 фоиздан 59,2 фоизга кўтарилди.
Операцион фаолиятдан олинган соф пул оқими 49,6 фоизга ошиб, 191 млн доллардан 285 млн долларга етди. Умумий пул харажатлари (TCC) бир фунт U3O8 учун 14,7 долларни, жами қўллаб-қувватловчи пул харажатлари (AISC) эса 31,97 долларни ташкил этди.
Ҳисобот даврида капитал қўйилмалар 267,4 млн долларга етди. Ушбу сумманинг 141,2 миллиони конларни ривожлантиришга, 91,6 миллиони асосий воситаларни харид қилишга, 34,6 миллиони эса геология-қидирув ва конларни баҳолашга йўналтирилди.
2026 йилнинг апрель ойида «Навоийуран» Навоий вилоятидаги Қизилқоқ конида уранни саноат миқёсида қазиб олишни бошлади. Бу компаниянинг катталиги бўйича учинчи кони ҳисобланади: унинг лойиҳавий қуввати йилига 1200 тоннани, ҳисобланган фойдаланиш муддати эса 15 йилни ташкил этади. Қазиб олиш кислороддан фойдаланган ҳолда ер остида эритиб олиш усули билан амалга оширилмоқда. Компанияда ишларнинг ривожланишига қараб, умумий ишлаб чиқариш ҳажмида Қизилқоқнинг улуши ортиб бориши кутилмоқда.
«Навоийуран» бош директори Жамал Файзуллаев параллель равишда Арнасой ва Жонгелди конларини ўзлаштириш кетаётганини маълум қилди. «Биз минерал-хомашё базасини кенгайтириш, замонавий қазиб олиш технологияларига инвестиция киритиш ва янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишни давом эттирамиз», — деди у Президент томонидан қўйилган вазифалар, «Ўзбекистон — 2030» Стратегияси ҳамда 2030 йилгача уран қазиб олиш ва қайта ишлашни ошириш бўйича давлат дастурига ҳавола қилган ҳолда.
Келгусида компания геология-қидирув ишларини ва конларни, шу жумладан истиқболли майдонларни ўзлаштиришни давом эттириш, ер остида эритиб олиш технологияларини қўллашни кенгайтириш ва халқаро соҳавий ҳамкорлар билан ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган.
«Навоийуран» уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда олинчи ўринни эгаллайди. Компания 43 та уран конида фаолият юритади, унинг минерал-хомашё базаси эса 151 100 тонна уранни, шу жумладан JORC стандартлари бўйича 96 600 тоннага яқин захираларни ташкил этади.

