Маҳаллий

Навоийда тўй кортежи ҳайдовчилари жазоланди

Видеода айрим автомобиллар фараларини милтиллатиб, турли хавфли манёврларни амалга оширгани кўринган

Навоий вилоятининг Нурота туманида тўй кортежи иштирокчилари бўлган ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини бузгани ва бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит бергани учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов «Xabar.uz»га маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир гуруҳ ҳайдовчиларнинг тўй кортежи таркибида йўлни тўсиб, ҳаракатланаётгани акс этган. Кадрларда айрим автомобиллар фараларини милтиллатиб, хавфли манёврлар қилгани кўринади.

Ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув ўтказилиб, қоидабузар ҳайдовчиларнинг шахси аниқланган. Воқеа Нурота туманидаги «Қизилча» қишлоғида содир бўлган.

Текширув давомида ҳайдовчилардан бирининг Гентра русумли автомобилига ишлаб чиқарувчи томонидан рухсат этилмаган ЛЕД чироқлари ўрнатилгани аниқланган.

Қоидабузар автомобиллар вақтинча жарима майдонига жойлаштирилган. Ҳайдовчилар ички ишлар органига чақиртирилиб, уларнинг хатти-ҳаракатлари йўл-транспорт ҳодисасига ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилган. Шунингдек, уларга йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатларини акс эттирувчи таъсирчан видеоролик намойиш этилган.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида баённомалар расмийлаштирилган.

Фаёзжон Қосимовнинг таъкидлашича: «Тўй ва бошқа оммавий тадбирларда кортеж бўлиб ҳаракатланиш йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Автомобиллар билан йўлни тўсиш, хавфли манёврлар қилиш, меъёрларга жавоб бермайдиган ёритиш воситаларидан фойдаланиш нафақат қонунбузарлик, балки инсон ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солиши мумкин».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат Бухорода ҳам содир бўлган эди. Ўшанда тўй кортежини ташкил қилган куёв жўралар жазоланган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.