Навоийда маҳкум бошқа бир маҳкумни озодликка чиқариш эвазига 15 минг доллар олмоқчи бўлди

Навоийда маҳкум бошқа бир маҳкумни озодликка чиқариш учун 15 минг доллар талаб қилганида қўлга олинди. Бу ҳақда “Севимли” телеканали хабар берди.
Навоий вилоятидаги 4-сон жазони ижро этиш колониясида бир маҳкум ўз шеригини муддатидан олдин озодликка чиқариш эвазига пул ундирмоқчи бўлган. Гумонланувчи ўзи билан бирга жазони ўтаётган маҳкумнинг ишончига кириб, унинг укаси юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали уни озодликка чиқариб беришини ваъда қилган. Бу ноқонуний хизмат учун у 15 минг доллар сўраган ва шундан 10 минг долларини олдиндан тўлашни талаб қилган.
Келишилган пулни олаётган вақтда маҳкумнинг ташқаридаги таниши прокуратура ва ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) ва 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноий иш очилган.
Телеканал лавҳасида айтилишича, "бу ҳаракатда жиноий гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, унга озодликда юрган, ҳозирда Тошкент шаҳрида ўқиётган талаба ҳам қўшилган. У асосан муассасадан жазо муддатини ўтаётган шахслар пулларини йиғиб, керакли жойларга етказиш вазифаси билан шуғуллангани учун қўлга олинди. Ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда".
Бугунги кунда Ўзбекистондаги 49 та жазони ижро этиш муассасаларида жами 47 432 нафар маҳкум жазо муддатини ўтамоқда. Хусусан, ёпиқ турдаги колонияларда 26 минг, манзил-колонияларида эса 11 минг нафардан ортиқ маҳкум бор. Таққослаш учун, 2022-йилда мамлакатда 54 та жазони ижро этиш муассасаси мавжуд бўлиб, уларда 29 мингдан ортиқ маҳкум сақлангани билдирилган.

