Маҳаллий

Навоийда болаларни калтаклаган хусусий боғча тарбиячиси 3 йилдан ортиққа қамалди

**Навоийда болаларни калтаклаган хусусий боғча тарбиячиси 3 йилдан ортиққа қамалди**

Навоий шаҳридаги хусусий боғчалардан бирида 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни калтаклаб келган тарбиячига нисбатан суд ҳукми чиқарилди.

Маълум бўлишича, 2003-йилда туғилган Н.Э. 2025-йил декабрдан 2026-йил апрелгача боғчада 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган болалар гуруҳида тарбиячи сифатида ишлаган. У гуруҳдаги беш нафар болани уриб, уларга зўравонлик ишлатиб келган. Натижада болаларга соғлиқнинг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳатлари етказилган.

Жорий йилнинг 7-апрел куни ишга ёрдамчи тарбиячи бўлиб келган ходим вазиятни видеога олиб, фош қилган. Унинг айтишича, машғулот вақтида икки бола уришиб қолганидан жаҳли чиққан Н.Э. уларнинг юзига урган, ерга улоқтирган ва тепган. Ходим барча ҳолатларни видеога олишга улгурмаганини, болалар ухламаган пайтда ҳам тарбиячи асабийлашиб уларга қўл кўтарганини билдирган. Кейин бу видеолар ота-оналардан бирига етиб борган.

Судда жабрланувчи боланинг онаси фарзандидаги ўзгаришларни видеолар тарқалишидан анча олдин сезганини, аммо бунга жиддий эътибор бермаганини айтган.

“Охирги икки ойда фарзандим боғчага боришни хоҳламай, инжиқлик қиларди. Буни одатий хархаша деб ўйлаганман. Бир куни оёғида кўкариш пайдо бўлди. Нима бўлганини сўраганимда, ҳали тўлиқ гапира олмаса ҳам, ъурдиъ, деди. Видеолар тарқалгач, тарбиячининг суратини кўрсатганимда уни кўрсатди. Шунда нега боғчага боришни хоҳламай, йиғлаганини тушундим”, деган боланинг онаси судда.

Бошқа ота-оналар ҳам фарзандларининг танасида кўкариш ва шилинган жойларни кўрганини айтган. Айрим болалар боғчага боришни истамай, йиғлайдиган ва қўрқадиган бўлиб қолган.

Болалардан бири тинмай йиғлагани сабаб невропатологга олиб борилган. Онасининг айтишича, кейинчалик бола бошқа болаларга қўшила олмай, баланд овоз эшитганда қулоқларини ёпиб, қўрқадиган бўлиб қолган. Аёл ҳозир у билан психолог ва логопед мунтазам шуғулланаётганини билдирган.

Ота-оналар болалардаги жароҳатлар ҳақида сўраганида, тарбиячи буни уларнинг йиқилгани ёки ўзаро уришгани билан изоҳлаб келган.

Судланувчи Н.Э. судда айбига қисман иқрор бўлган. У болаларни урганини тан олган, бироқ бундай ҳолат мунтазам бўлмаганини айтган.

“Гуруҳдаги болалардан бири доим шовқин қилиб, бошқа болаларни тишларди. Бу ҳақда онасига айтганимда, у ъАгар айтганингизни қилмаса, оёқчасидан уринғ, деганди. Ўша куни айрим болаларни уриб, тепганман, қулоғидан тортганман. Оилавий келишмовчиликлар сабаб асабий эдим. Бироқ болаларни мунтазам уриб келмаганман”, деган судланувчи.

Ҳолат юзасидан тайинланган психологик текширув хулосасида болаларда тарбиячи билан боғлиқ ўта оғир травматик ҳолат, қўрқув ва жисмоний зўравонлик аломатлари борлиги тасдиқланган. Мутахассис тарбиячининг сурати кўрсатилганда болалар чўчиб, ота-онасига интилганини билдирган.

Суд жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, видеотасвирлар, суд-тиббий экспертиза хулосалари ҳамда психологик текширув натижаларини Н.E.ning айбини тасдиқловчи далиллар сифатида баҳолаган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди Н.E.ni Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари (қийнаш) билан айбли деб топиб, унга 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Шунингдек, у 2 йил муддатга мактабгача таълим муассасаларида тарбиячи вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.