Навоий вилоятида биринчи «Туризм овули» ташкил этилмоқда
Навоий вилоятининг Янгикозғон маҳалласига «Туризм овули» мақомини бериш таклиф этилди. Ҳудудда 21 та оилавий меҳмон уйи ва еттита ўтов лагери ишламоқда.

Навоий вилоятида илк «Туризм овули» ташкил этилмоқда
Ўзбекистоннинг Навоий вилояти Конимех туманидаги Янгикозғон маҳалласига «Туризм овули» мақомини бериш ташаббуси илгари сурилди.
Мазкур лойиҳа туристик инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда маҳаллий аҳоли даромадларини оширишга йўналтирилган.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабарига кўра, ҳозирда маҳаллада 21 та оилавий меҳмон уйи ва еттита ўтовдан иборат лагер фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, сайёҳлар учун қўшимча хизматларнинг беш тури йўлга қўйилган.
Туристик обьектларни ривожлантириш ҳисобига илгари ишсиз бўлган, жумладан, хотин-қизлардан иборат қарийб 100 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган.
Янгикозғон ўзининг табиий манзаралари, миллий анъаналари ва маҳаллий турмуш тарзи билан сайёҳларни жалб этади. Бу жиҳатлар гастрономик, этнографик ва қишлоқ туризмини ривожлантириш учун имконият яратади.
Кутилишича, маҳаллага «Туризм овули» мақоми берилиши туристик хизматлар турларини кенгайтириш, маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва янги инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.
Ушбу ташаббус, шунингдек, Навоий вилоятининг Ўзбекистонда ва хорижда туристик йўналиш сифатида танилишини оширишга қаратилган.

